Бензин, дизель ёқилғиси, сиқилган ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақлаб қолинди

Ўзбекистон Республикасининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан солиқ қонунчилигида бир қатор янгиликлар жорий этилди.

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, спирт, алкоголь маҳсулотлари, вино ва пиво учун акциз солиғи, бензин, дизель ёқилғиси, сиқилган ва суюлтирилган газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари сақлаб қолинди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бензин, дизель ёқилғиси ва суюлтирилган газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали сотишда акциз солиғи 1 литрдан, бошқа ҳолларда эса 1 тоннадан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқни кўпайтириш (етиштириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил учун белгиланган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди. Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотини чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим тўлашдан озод қилинди.

Қайд этиш лозимки, ушбу Қонун билан Солиқ кодексига ҳам ўзгартиш киритилди. Чунончи, кодекс “Алоҳида шароитларда солиқ мажбуриятларини бажариш”, деб номланган 72-боб билан тўлдирилди. Мазкур бобдан 481-модда (“Алоҳида шароитларда қўшимча ваколатлар бериш”), 482-модда (“Солиқларни, солиқлар бўйича бўнак тўловларини тўлаш бўйича фоизсиз тўлашни кечиктиришнинг ёки бўлиб-бўлиб тўлашни қўллашнинг ва алоҳида шароитларда солиқ мажбуриятларини бажаришнинг вақтинчалик тартиби”) ва 483-модда (“Вақтинчалик солиқ имтиёзлари”) ўрин олган.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.