“Беш ташаббус олимпиадаси”: Самарқандлик ёшлар республикада биринчи

Энди вилоятдаги 23 та маҳаллага спорт майдончалари қуриб берилади.
Маҳалла ёшларини спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчи-ёшларни саралаб олиш мақсадида мамлакатимизда “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари йўлга қўйилган.
Жорий йилги олимпиадада 14–30 ёш тоифасидаги маҳалла ёшлари спортнинг 14 та тури – стритбол, воркаут, шахмат, шашка, енгил атлетика, футбол, мини-футбол, стол тенниси, армрестлинг, гимнастрада, волейбол, кураш, гандбол ҳамда адаптив спорт турлари бўйича беш босқичдаги мусобақаларда беллашди.
Мусобақаларда иштирок этиш учун “5tashabbus.uz” платформаси орқали 612 минг нафардан зиёд ёшлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг 581 минг 890 нафари беллашувларда фаол иштирок этди.
Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурмановнинг маълум қилишича, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида вилоятимиз спортчилари умумжамоа ҳисобида 19 та олтин, 14 та кумуш ва 9 та бронза медали билан мамлакат бўйича биринчи ўринни эгаллади.
– Олимпиаданинг “А” лига босқичида олтин медалга сазовор бўлган 9 та маҳаллага универсал спорт майдончаси, кумуш медалга эга бўлган 8 та маҳаллага стрит воркаут, бронза медалини қўлга киритган 6 та маҳаллага эса воркаут майдончалари қуриб берилади, – дейди Ж.Нурманов. – Айтиш жоизки, бу натижаларга эришишда спорт мактабларидаги мураббийларнинг ҳиссаси катта. Чунки ҳар бир ҳудудга бириктирилган тренерлар ёрдами билан мусобақаларнинг маҳалла, сектор, туман-шаҳар ва вилоят босқичлари юқори савияда ташкил этилди. Беллашувлар давомида иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, мураббийлар ёшлар билан тизимли иш олиб борди.
Эндиликда республика босқичида юқори натижаларга эришган ёшлар спорт мактабларининг захира таркибига имтиёзли равишда қабул қилинади. Бу эса уларнинг келгусида миллий терма жамоалар таркибига кириши учун замин яратади.