Биринчи парта бойнинг боласи учунми?
Бошланғич синфда ўқийдиган жияним дарсдан келиб, эртадан мактабга бормаслигини айтди. Сабабини сўраганимда, у ҳар доим орқа парталардан бирида дарсга қизиқмайдиган синфдоши билан бирга ўтиришини, берилган уйга вазифани устозига бошқалардан аввал кўрсата олмаётганини, биринчи қаторларда ўтирса фақат “беш” баҳога ўқишини айтди.
Яна унинг гапларидан маълум бўлдики, олд ўринларни мактаб директори ва ўқитувчиларнинг фарзандлари эгаллашибди.
Уни овутишга ҳаракат қилдим. Билим олиш, аълочи ўқувчи бўлиш учун қайси партада ўтиришнинг аҳамияти йўқлигини уқтирдим. Тушунгандек бўлиб, мактабга қатнай бошлади. Орадан икки-уч ой ўтиб, шу пайтгача дарсларни яхши ўзлаштириб келаётган жиянимнинг дарсга бўлган қизиқиши сўнаётганини сездим. Болалигим ёдимга тушди.
Ўқувчилик давримда биринчи партада ўтириш кўпчилик синфдошларимнинг орзуси эди. Сабаби, бу жой қишлоғимиздаги бой ва обрўли кишиларнинг фарзандлари учун эди. Улардан кейин олд қаторларда аълочи, интизомли болалар ўтиришарди. Билимсиз, тўполончи болалар эса охирги парталарга эгалик қиларди. 7-синфдагина ўқитувчимиз бир оддий оиланинг ўғлини биринчи партага ўтқазди. Аввалига ҳайрон қолдик, бу боланинг ота-онаси бой эмас, ўзи аълочи ҳам бўлмаса, деб. Бир-икки кундан кейин у мактабга кўзойнак тақиб келди...
Синфдошларимдан олд қаторларда ўтирган аълочи ўқувчиларгина олий маълумотли бўлди. Улар орасида кўзойнак таққан йигит ҳам бор. Дарсга унчалик қизиқмайдиганлари эса ота-оналари обрўли бўлса-да олий ўқув юртига ўқишга киролмади.
Бугунги кунда айрим мактабларда ўқувчилар ҳар ҳафта ёки ҳар куни биринчи парталарда алмашиб ўтириши анъанага айланганини эшитгандим. Бу яхши, менимча. Лекин айнан шу одат ҳали кўпгина мактабларга етиб бормаган. Ҳар доим ўқувчи бир партада биргина синфдоши билан эмас, вақти-вақти билан жой алмашиб ўтирса, самарали бўлиши шубҳасиз. Бу унинг илм олиши, барча синфдошлари билан қадрдон бўлиши, ўзидан аълочи ўқувчиларга ҳавас қилиб интилиши, билимсизроқ синфдошларига ёрдам бўлиши, ўзаро тенглик ва бағрикенгликни ҳис қилиб камол топишига хизмат қилади. Сиз нима дейсиз?
Дилноза Ҳасанова.