Биз таълим-тарбия бераётган ўқувчилар бировнинг болалари эмас

Ҳар бир директор, ўқитувчи буни ҳис қилиши керак.

— Қарийб 5-10 йил ичида бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаган ёки бирорта вилоят, республика фан олимпиадасида қатнашиб, ўрин ололмаган мактаблар бор. Афсуски, аксарият шу каби мактабларда 5-10 ва ҳатто 15 йиллардан буён директор сифатида ишлаб, муассасада таълим сифатини оширишга зиғирча ҳам ҳаракат қилмаётганлар ҳам мавжуд. Ваҳоланки, бугун яратилган имконият, рағбатлар аввалгидан мутлақо фарқ қилади. Бу каби раҳбарлар билан биз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган бугунги ислоҳотларни жорий эта олмаймиз...

Мактабда 80, 100 нафар ўқувчи 11-синфни битириб, бирортаси ОТМга ўқишга кирмаса, бирортаси олтин ёки кумуш медалга муносиб топилмаса, билимлар беллашуви, фан олимпиадаларида ғолиб ўқувчилар аниқланмаса, у ерда таълим-тарбия ишлари “нол” дегани.

Янги ўқув йили бошланиши олдидан ҳар ким ўзича мактабни тайёрлайди. Муассасанинг гўё куз-қишга тайёрлиги, умуман, муаммо қолмагани ҳақида варақ-варақ ҳисоботлар ёзилади. Афсуски, уч-тўрт ой ўтмасдан муаммолар бошланади. Худдики, у муаммолар ўша пайтнинг ўзида пайдо бўлиб қолгандек...

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг бошқарма ишчи гуруҳи аъзоларининг Иштихон туманида олиб борган ўрганиш натижаларига бағишланган муҳокамада ушбу муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Аввал хабар қилганимиздек, 22-23 июнь кунлари вилоят халқ таълими бошқармасининг 15 нафар бўлим бошлиқлари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Иштихон туманидаги мактабларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда тумандаги мактабларнинг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, таянч мактабларнинг халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўришга доир ишлари, битирувчиларнинг ОТМга ҳужжат топширишининг ҳолати ўрганилди. Тумандаги 1-умумтаълим мактабида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилган йиғилишда ушбу ўрганиш натижалари танқидий таҳлил қилинди.

Унда дастлаб вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Суяров, бўлим бошлиғи Хуршид Ҳожиқуловларнинг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, туманда халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган 1, 19 ва 33-умумтаълим мактабларининг фаолияти қониқарсиз. Негаки, ушбу таянч мактабларга бириктирилган мактабларда халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида ҳатто баъзи директор ўринбосарларининг тушунчаси йўқ. Ушбу синовларда қатнашадиган муайян ёшдаги ўқувчиларнинг рўйхати, зарур ҳужжатлар шакллантирилмаган. Ўрганиш ишлари давомида тумандаги 4, 29, 95, 42-умумтаълим мактабларида худди шундай камчиликларга гувоҳ бўлинди. Бундай ҳолатлар 46, 47, 49, 58, 76 ва 87-умумтаълим мактабларида ҳам кўзга ташланди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилган 8, 57, 80, 40, 6, 27, 54, 42, 4-мактабларда янги ўқув йили олдидан олиб борилаётган таъмирлаш ишлари, ўқув жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, ҳожатхоналарининг аҳволи, бўш турган ер майдонларидан унумли фойдаланиш қониқарсиз ҳолатда эканлиги маълум бўлди. 14, 31, 36 ва 90-умумтаълим мактабларида иш вақти бўлишига қарамасдан, директорни ҳам, унинг ўринбосарларини ҳам топиш мушкул бўлди. Ваҳоланки, мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ҳам қониқарсизлиги аниқланди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов қайд этилган муаммоларни бартараф этиш бўйича мактаб директорларини қатъий огоҳлантирди. Шунингдек, жорий йилда мактабларнинг 11-синф битирувчиларининг ОТМга ўқишга кириш кўрсаткичларига кўра, директорларга, халқ таълими бўлими ходимларига нисбатан қатъий хулоса қилинишини таъкидлади.

Мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича ўзининг тавсияларини билдирди. Директорлар ва педагогларни халқ фарзанди таълим-тарбиясида масъулиятни чуқурроқ ҳис этишга, доим изланишга ва юксак натижаларга эришишга чақирди.

Айни пайтда бошқарманинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан худди шундай ўрганиш ишлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.