Божхона ҳудудида қайта ишлаш тадбиркорга қандай имконият беради?
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “божхона ҳудудида қайта ишлаш”да саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбиркорлар томонидан ушбу режимдан фойдаланиш қуйидаги афзалликларни беради:
- товарларни қайта ишлаш мақсадида ҳориждан олиб келинган хомашёлар божхона тўловларидан озод этилади ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар республика ҳудудидан олиб чиқилади;
- хизматлар экпспорти кенгаяди;
- ишлаб чиқариш ҳажми кўпаяди ва зарур ҳолларда аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади;
- товарларни қайта ишлаш жараёнида кўрсатилган хизматлар учун қўшимча даромад олиш имконияти яратилади;
- қайта ишланган товарлар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товар мақомини олади ҳамда мамлакат ва ишлаб чиқарувчининг номи жаҳон бозорида танилади ва мавқеи оширилишига олиб келади.
Бу эса республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни рақобатбардошлигини ошириш ва чет элдан қўшимча валюта тушумини кўпайтиришга хизмат қилади.
Хўш, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қандай операцияларни амалга оширади?
- олиб кирилган товарнинг унинг дастлабки хоссалари ва индивидуал кўрсаткичларини ўзгартириб, қайта ишлаш маҳсулотида уни идентификациялаш имконини берувчи товар хусусиятларини сақлаган ҳолда бевосита қайта ишлаш ва унга ишлов бериш;
- олиб кирилган товарлардан фойдаланган ҳолда бошқа товар тайёрлаш, шу жумладан монтаж қилиш, йиғиш ёки қисмларга ажратиш;
- товарни таъмирлаш, шу жумладан уни тиклаш ва таркибий қисмларини алмаштириш;
- қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга кўмаклашувчи ёки уларнинг ишлаб чиқарилиши енгиллаштирувчи бошқа товарлардан, агар бу товарлар қайта ишлаш жараёнида тўлиқ ёки қисман ишлатилса, хом ашё сифатида фойдаланиш.
Сизда мазкур божхона режими бўйича саволлар бўлса, Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 230-42-42 телефон рақами орқали маълумот олишингиз мумкин.
Темур Назаров,
вилоят божхона бошқармаси божхона назоратини ташкил этиш бўлими бош инспектори.