Божхона постларида икки ойда 117 ҳолатда 4 миллиард 604,7 миллион сўмлик ноқонуний келтирилган товарлар ушлаб қолинди
Вилоят божхона бошқармасига қарашли “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида йил бошидан буён 13 821 нафар йўловчи “яшил” йўлак орқали, 48 нафар йўловчи “қизил” йўлак орқали ҳаракатланган.
Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин юртимизга Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда бир рейсда учиб келган йўловчиларнинг (150-190 киши) юкларни қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиши учун ўртача 2 соат вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён 30-45 дақиқада амалга оширилмоқда.
Тожикистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳам бугун тадбиркорлар ўз товарларини қўшни давлатга экспорт қилишлари ёки товарлар импортини амалга оширишлари мумкин. Айни пайтда мазкур божхона постида “Smiths Heimann HCVM-3026” русумли мобил инспекцион кўрик мажмуаси ўрнатилган бўлиб, ушбу аппарат орқали товар ортилган автотранспорт воситалари божхона назоратидан тез ҳамда самарали ўтказилмоқда.
Шу билан бирга ҳозирда божхона постида божхона назорати жараёнини соддалаштириш ва фуқаролар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида инсон танасини сканер қилувчи қурилма ўрнатилган.
Ҳозирги кунда “Жартепа” чегара божхона пости орқали Тожикистон Республикаси “Сўғд” вилояти Панжикент педагогика институтида таълим олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат талабалар ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш хуқуқига эга бўлган ҳамда чет давлатлардан “чартер” авиарейслар билан Самарқанд аэропорти орқали Тожикистон Республикасига кетаётган ушбу давлат фуқаролари ҳаракатланмоқда.
Жорий йилнинг 1 январидан 15 март кунига қадар ушбу пост орқали 3611 нафар фуқаро, 285 та транспорт воситаси ҳаракатланган. Хусусан, январь-февраль ойлари давомида 24 партияда жисмоний шахслар томонидан 55 минг 470 АҚШ долларига тенг бўлган товарлар Тожикистон Республикасига олиб чиқилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври давомида “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари томонидан 5 ҳолатда товар моддий бойликларнинг ноқонуний ҳаракатланиши олди олиниб, 123,5 миллион сўмлик товарлар бўйича маъмурий ишлар юритилди.
2021 йил 1 январдан 15 мартгача ТИФ божхона постлари томонидан расмийлаштирилган 8963 та божхона юк декларациялари “Хавфни бошқариш тизими” қўлланилган ҳолда “қизил” (1847 та), “сариқ” (4051 та), “яшил” (3065 та) ва “кўк” йўлак (0) ни ташкил этган. Мазкур тизимдан фойдаланилиши, хавфни минималлаштириш чоралари қўлланилиши натижасида ўтган давр мобайнида давлат бюджетига 81,6 миллиард сўмлик қўшимча божхона тўловлари ундирилди.
Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий этилмасдан аввал божхона ходими томонидан божхона расмийлаштируви жараёни уч иш куни ичида амалга оширилган бўлса, эндиликда маълум бир дақиқаларда бажарилмоқда.
2021 йил январь-февраль ойи давомида бошқарма томонидан 117 ҳолатда 4 миллиард 604,7 миллион сўмлик ноқонуний келтирилган товарлар ушлаб қолинган.
Жасурбек Файзуллаев,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари.