Сўкинишни одат қилган бола одобсизликка ўрганади

Кўча-кўйда, жамоат жойларда, ҳатто таълим муассасаларида ҳам сўкиниб гапирилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Гўё сўкиниш мулоқот тилига айланиб қолгандек.
Аслида тил – миллатнинг юраги. Яхши сўз инсонга зийнат бағишласа, қўпол сўз унинг ички дунёсини занглатади. Сўкиниб гапириш нафақат одобсизлик, балки тафаккур ва туйғуларнинг бузилиши ҳамдир. Сўконғич бола эртага кимнингдир қалбини оғритишни одат қилади. Чунки сўкиниш зўравонликнинг сўздаги кўриниши.
Ижтимоий тармоқлар орқали қўпол сўзларни эшитган бугунги ёшлар буни “эркинлик” деб қабул қиляпти. Айниқса, “ТикТок” ва бошқа тармоқларда сўкинч гаплардан иборат видеоматериал “тренд”га айланяпти, юзлаб, минглаб болалар ўша сўзларни такрорламоқда. “Замонавийлик” ниқоби остидаги бу лавҳалар тилимизга, маданиятимизга, миллий қадриятларимизга беписандлик эмасми?
Ачинарлиси, ҳозирги болалар ғазабланса, ҳайратланса, ҳатто қувонса ҳам сўкиниб гапиряпти. Улар ушбу сўкинишлари орқали ҳис-туйғусини ифода этмоқда.
Афсуски, қизлар ҳам бунга одатланаётгани ҳолатлари кузатиляпти. Кўпинча улар нима деяётганини ўзлари билмайди, фақат катталардан, “блогер”, “тиктокер”, “вайнер”лардан эшитганини такрорлайди, холос.
Демак, муаммо – тарбия ва ўрнакда. Буни тақиқлар билан эмас, ўрнак билан тўхтатиш мумкин. Ота-она, ўқитувчи, дўстлар ва ҳар биримизнинг тилимиз пок бўлса, келажак авлод сўкинишни ор деб билади. Сўзга меҳр уйғотиш – тарбиянинг энг самарали усули. Мулойим ифода, тоза сўз жамиятни тозалайди, юракларга поклик олиб киради.
Шунинг учун оилаларда сўзга ҳурматни қайтаришимиз керак. Зеро, миллатнинг таназзули тилдан, юксалиши сўздандир.
Нилуфар ЗУБАЙДОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.