Самарқандда МДҲ давлатлари учун хавфсизлик соҳасидаги муҳим тадбир ўтказилади

Унда замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар кўриб чиқилади.

16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.

Ушбу мажлисларда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон махсус хизматлари раҳбарлари иштирок этади.

Тадбирларда, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази вакиллари ҳам қатнашади.

Ушбу анжуманлардан кўзланган асосий мақсад Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний халқаро айланмасига қарши курашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Йиғилишлар давомида замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.