Самарқанд - электромобиллар сони кўплиги бўйича 3-ўринда

Ўзбекистон 2030 йилгача электромобиллар улушини 10 фоизга етказмоқчи. Ҳозирда мамлакатда 86,1 мингдан ортиқ электромобил рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг асосий қисми, яъни 65 мингтаси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Кейинги ўринларда Тошкент ва Самарқанд вилоятлари эгаллаган.

Келгуси беш йилда электромобиллар сони беш бараварга оширилади. 2026 йилда электромобилларь сони барча енгил автомобилларнинг қарийб 2 фоизини ташкил этган бўлса, 2027 йилда 2,7 фоизни, 2028 йилда - 5 фоизни, 2029 йилда эса 7 фоизни ташкил этади. Ҳисобларга кўра, 2030 йилга бориб мамлакатдаги ҳар ўнинчи енгил автомобиль электромобил бўлади.

Хусусан, экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Унинг доирасида маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ер майдонларини аукциондан 2 баравар арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Станцияларда автомобилларни зарядлашда 1 кВт/соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Шунингдек, электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.

Д.Тўхтаев тайёрлади.