“Бола-бақра”, “қуда-анда”, “сапча” ва “хотин-халаж” маъносини биласизми?

Ўзбек тилининг мукаммал этимологик луғатини яратиш муҳим вазифа. Сўзларнинг келиб чиқишини билиш тилнинг тарихи, маданий ривожи ва ижтимоий ҳаёти ҳақида маълумот беради. Масалан, “бола-бақра”, “қуда-анда”, “бошини сапчадек узиб ташлаш” ва “хотин-халаж” каби ибораларнинг келиб чиқиши қизиқ нақллар қилади. Бу сўзлар туркий, араб, форс тиллари таъсирини кўрсатади. Филолог олимларимиз “Ўзбек тилининг этимологик луғатини” яратишни мақсад қилишган.

Францияда бўлганимда мени ҳайратга солган нарса - ҳар бир ташкилот ва француз хонадонида француз тилининг изоҳли луғатлари мавжудлиги бўлди. Турли ҳажмдаги Larousse ва Robert луғатларини деярли ҳамма жойда учратиш мумкин. Эътиборли жиҳати, мазкур луғатлар нафақат умумий лисоний масалаларни, балки тематик йўналишларни (этимологик, гастрономик, юридик, техник, фразеологик ва ҳоказо) ҳам қамраб олади.

Ўзбекистонда ҳам тилшунослик соҳасида миллий луғатлар яратиш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, 2023 йилда нашр этилган олти жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ушбу йўналишдаги муҳим илмий-амалий қадамлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бугунги кунда долзарб вазифалардан бири - ўзбек тилининг мукаммал этимологик луғатини яратишдир.

Сўзларнинг келиб чиқиши, яъни этимологиясини ўрганиш тилшуносликнинг муҳим соҳаларидан бири бўлиб, у нафақат филология, балки тарих, археология, антропология, диншунослик, хорижий тиллар каби қатор ёндош фанларни билишни тақозо этади. Этимологик тадқиқотлар тилнинг тарихи, халқнинг маданий ривожи ва ижтимоий ҳаёти ҳақида муҳим маълумотлар беради.

Афсуски, биз кундалик мулоқотда қўллайдиган кўплаб сўз ва ибораларнинг келиб чиқишини яхши билмаймиз. Масалан, “бола-бақра” бирикмасини олайлик. “Бола” сўзининг маъноси аён, аммо “бақра”нинг мазмуни кўпчиликка маълум эмас. Ушбу сўз қадимий туркий тиллардаги “бақирмоқ” (йиғламоқ) феълининг қисқартма шаклидан ҳосил бўлган. Демак, “бақра” сўзи “йиғлайдиган гўдак бола”, деган маънони билдиради. “Бола-бақра” эса умумлашган ҳолда “турли ёшдаги болалар” маъносида қўлланилади.

Ёки “қуда-анда” сўзини олайлик. Бу ерда туркий келиб чиқишга эга бўлган “қуда” сўзининг маъноси ҳаммага маълум. “Анда” сўзи эса қадимги турк-мўғул халқларида тутинган ака-укаларни ифодалаш учун ишлатилган. Ҳозирги кунга келиб “анда” сўзи маъно жиҳатдан трансформацияга учраб, “қуданинг қудаси” маъносида қўлланилади.

Яна бир қизиқ мисол сифатида “бошини сапчадек узиб ташлаш” иборасини келтириш мумкин. Бу ерда “сапча” сўзи этимологик жиҳатдан туркий бўлиб, қовуннинг ҳали пишмаган, хомаки ҳолатини англатади. Сапча жуда мўрт ва палагидан узиб олиш осон бўлгани учун унинг “сапчадек узиб ташламоқ” кўчма маъноси шаклланган.

“Хотин-халаж” бирикмасининг келиб чиқиши ҳам жуда қизиқ. “Хотин” этимологик жиҳатдан туркий сўз бўлиб, “халаж” сўзининг келиб чиқиши эса номаълум. Балки арабий бўлиши мумкин, деган тахминлар учрайди.

Қуръони каримнинг “Тавба” сураси 87-оятида мунофиқлик қилиб, Пайғамбаримиз билан бирга урушга бормаган икки нафар мусулмон ҳақида “Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлдилар. Диллари муҳрлаб қўйилди. Бас, энди улар (яхшиликни) англамайдилар” деган муқаддас битикда “халаж” сўзи болалар маъносида қўлланилган. Демак, “хотин-халаж”дан мурод - аёллар ва болалар экани англашилади.

Шунингдек, “қадам-бақадам” бирикмаси ҳам тиллараро таъсирнинг яққол намунасидир. “Қадам” сўзи ўзбек тилига араб тилидан кириб келган бўлиб, унга форс-тожик тилидаги “ба-” қўшимчаси қўшилиши натижасида “бақадам” шакли юзага келган. “Қадам-бақадам” бирикмаси “изма-из”, “кетма-кет” маъноларини билдиради.

Шу билан бирга, ушбу бирикманинг “қадамма-қадам” варианти ҳам мавжуд бўлиб, у этимологик жиҳатдан туркий -ма қўшимчаси қўшилиши натижасида шаклланган бирикма ҳисобланади.

Умуман олганда, ўзбек тилида бундай сўз ва иборалар жуда сероб. Уларнинг келиб чиқиши ва маъноларини илмий асосда таҳлил қилиш, тизимлаштириш ва умумлаштириш орқали “Ўзбек тилининг этимологик луғати”ни яратиш филолог олимларимиз олдида турган муҳим ва долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Қодир ЖЎРАЕВ.