Болада билим, ақл, заковат бошланғич синфларда мустаҳкамланади

Таълимда аксиома мақомини олган бу ибора замирида, аввало, ўқитувчи маҳорати ва педагоглик салоҳияти, касбий малакаси муҳим ўрин тутади. Ўқитувчи қанчалар билимдон ва маҳоратли бўлса, ўқувчилар пухта билим ва тарбия олади.
Бу фикр Самарқанд шаҳридаги 57-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган «Бошланғич таълим: узлуксиз ва узвий» мавзусидаги ўқув-амалий семинарда айтилди.
Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли мактабларнинг бошланғич таълим ўқитувчилари иштирок этган семинарда очиқ дарслар ўтиш, намунавий машғулотлар ташкил этиш ва унда асосий эътибор ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилгани таъкидланди. Бу борада ўқитувчиларнинг "Дарс муқаддас", "Ўрган-ўргат", "Мураккаб фан ўрганаман", "Соғлом муҳит - соғлом жамоа", "Пухта режа - самарали натижа", "Яхши муаллим - сифатли таълим" каби тавсиялар асосида дарсларни ташкил этиши зарурлиги ҳақида мулоҳазалар билдирилди.
Семинар доирасида иштирокчилар 57-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиларининг очиқ дарслари ҳамда 1-А синф ўқувчиларининг "Саводхонлик беш ташаббус доирасида" деб номланган тадбирини кузатишди. Бу тадбирларда “Алифбе” китобини ўзлаштирган ўғил-қизларнинг бошланғич таълим бўйича эгаллаган дастлабки билими интеллектуал ўйинлар, қизиқарли савол-жавоблар орқали синовдан ўтказилди.
Нигора ЯРҚУЛОВА.