Болангиз мактабга бормоқчи, тайёрмисиз?
Мактаб қишлоғимиздан бир ярим чақирим узоқда эди. Бўёқ ҳиди анқиб турган йирик китобларни онамиз тикиб берган дафтархалтага солардикда, бўйнимизга осиб олиб йўлга тушардик. Халтамиз ичида китоб-дафтардан ташқари сиёҳкўза, қалам ва албатта бир бўлак нон бўларди. Авайлаб юрмасангиз сиёҳ тўкилиб китобларни бўлғайди, шу куни нонсиз ҳам қоласиз.
Бизни мактаб сари чорлаган нарса ўқишга ташналик. Ўқитувчилар меҳрибон ва самимий эди. Ризоқул Усмонов деган фидойи инсон биз, ўқувчиларига қанд-қурс, майиз улашиб, ўқишга қизиқтирган бўлса, ота-оналаримиз уйга қайтишимизни кутиб «Бугун неччи баҳо олдинг, кундалигининг бир кўрай» дея бизни қистовга олишни канда қилмасди. Уялиб қолмаслик учун астойдил ўқишга ҳаракат қилардик. Уйда шароит ҳам ўзига яраша эди. Стол-стул қаёқда дейсиз. Дарсни чалқанча етиб ёки сандал устида тайёрлардик. Ўшанда ҳам отамиз ёки ака-опаларимиз бизни кузатиб туришарди. Мактабга бориш-келишимиз доимо назоратда турарди. Ота-оналаримиз «яхши ўқисанг уни олиб бераман, буни олиб бераман» деб ҳеч нарса ваъда қилмаган. Фақат астойдил ўқишимизни, яхши тарбия олишимизни исташган.
Камол Қаландаров деган киши биздан анча йиллар олдин мактабда ўқиганди. Жўжабирдек оилада вояга етган Камол ака мактабда яхши ўқиди. Физика, математика фани бўйича ундан ўтари бўлмаган. Оддий оилада етишиб чиққан акамиз ЎзДУнинг (ҳозирги СамДУ) математика факультетига ҳужжат топшириб имтиҳонлардан аъло баҳолар билан ўтганлигини ҳали-ҳануз эслайман. Бу ёқда – оилада ўн бир жон, ота-она кексайиб қолиб ичакузилди йилларида акамиз дорилфунунни моддий қийинчилик билан битирганлиги, ижарада туриб ейиш-ичишига етмай қийналганлари ёдимда. Бироқ ота-онанинг қўллаб-қувватлаши, тоғамиз Неъматилла Ризаев, отамиз Ҳайит Искандаров ҳамда фидойи ўқитувчи Раббимқул Облаёровларнинг далдаси туфайли акамиз кейинчалик фан номзоди, кибирнетик олим даражасига етди. Астойдил ўқиш, интилиш, оиладаги муҳит нафақат Камол Қаландаровни, балки ҳар бир инсонни комилликка етаклаши турган гап.
Болаларнинг ўқишга бўлган меҳрини уйғотишда оиладаги муҳит, тарбия, ота-онанинг болага нисбатан муносабати муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик керак. Бола – бошдан, деганларидек, фарзандларимизни мактабгача бўлган даврда ўқишга меҳр уйғотмас эканмиз, унда кеч бўлишини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Бугунги шароитни кечаги кун билан сира таққослаб бўлмайди. Ҳар бир хонадонда етарли даражада шарт-шароит яратилган.
Болажон халқмиз. Бола нимани хоҳласа дарров муҳайё қиламиз. Бола боғча ёшидаёқ дафтар-қалам тутишни ўрганмоқда. Боғчаларда эса ёзиш-чизиш ва мактабга кўникма ҳосил қилиш билан боғлиқ тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Буларни кўриб хурсанд бўласан киши. Фарзандларининг тарбияси ва ўқишига ҳозирдан эътибор бериб, боласининг эртанги кунини бугун кўра оладиган ота-оналарга ҳар қанча тасанно айтсанг арзийди. Бундай хонадонда тарбия топган болалар эртага мактабга боришганида ҳеч кимни уялтириб қўймайди. Мактабга муқаддас даргоҳ сифатида талпинади.
Бола мактаб ёшига етганида ўйинга ўч бўлади. Агар унинг олди олинмаса, эркалик билан айтганини қилдиришга одатланади. Мактабга боришга зўрға кўндириш у ёқда турсин, устози берган уй вазифаларини бажаришга бўйни ёр бермайди: кўчадан бери келмайди. Ҳар қанча уринманг, айтганингизни қилмайди. «Ўқисанг, музқаймоқ, телефон, велосипед олиб бераман» дегувчи ва шу ишни амалга оширган оилада ўсган болалар улғайгач, кўнгли бошқа каттароқ нарсаларни тусайди, алал-оқибат ўқиш бир чеккада қолиб бошқа йўлни танлашга мойиллиги ортади, ҳатто мактабга бормай қўяди.
Бундай ҳолларда айрим ота-оналар мактаблардан айб қидиришдан тап тортишмаяпти. Улар фарзандини бир амаллаб олиб бориб қўйса бўлди. Бу ёғи мактабнинг, устозларнинг иши, боласи уйига келганида эса «Қандай дарс ўтилди, уйга вазифа берилдими? Дарсингни қачон қиласан? Ўзим ёрдамлашаман» дейишмайди. Ҳатто кундалигини очиб ҳам кўрмайди. Болани ўз ҳолига ташлаб қўяди. Оқибатда бола билганича иш тутишга одатланади.
Масалан, пандемия муносабати билан мактаблардаги дарслар телеканаллар орқали онлайн тарзда ўтказилди. Таътил пайтида ўқувчилар вақтларини бесамар ўтказмасликлари учун вазифалар бериб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, айрим мактабларда ўқувчилар онлайн дарсларда фаол иштирок этмаган, таътил вазифалари ҳам бажарилмай қолган.
Хўш, бунга ким айбдор? Мактабми ёки ота-она?
Ривоят қилишларича, бир хотин туғилажак фарзанди ким бўлишини билиш мақсадида донишманд ҳузурига келиб «Болам туғилса, тарбиясини қандай бошлай?» деб сўрайди. Ўшанда донишманд «тўққиз ой кечикибсиз, дея жавоб берган экан. Фарзандларимизни ҳали мактаб ёшидаёқ ўқишга, мурғак қалбида билим олишга, мактабга меҳр уйғотиш даркор. Бунда ота-она, оила муҳити катта тарбиявий аҳамият касб этиши баробарида масъуллигимизни асло унутмаслик лозим.
Адҳам Ҳайитов.