Бўлган воқеа: Овчи йигит ва бўри
Бир куни овчи йигит милтиғини елкасига илиб, бўрибосар итини етаклаб тоққа овга чиқди. Тоғда бир нечта бедана ва каклик отди.
Ови бароридан келган овчи хуш кайфиятда тоғдан пастга тушаётган маҳал кўзи бир ғорга тушибди. Аста ғорга кириб қараса, ичкарида урғочи бўри болаларини эмизиб ётганмиш. Овчи йигитни кўрган она бўри тишларини кўрсатиб ириллабди. Йигит шоша-пиша урғочи бўрини отиб ўлдирибди. Бўрибосар эса бўри болаларини ғажиб ташлабди.
Овчи оқшомда уйига қайтиб келибди. Дўстларини уйига чақириб зиёфат берибди. Зиёфат ярим тунгача давом этибди.
...Тонгда овчи йигит ҳовлидаги шовқиндан уйғониб кетиб, югуриб ташқарига чиқса... ҳовлининг ўртасида бузоқдек келадиган баҳайбат бўри турар, ёнида эса... овчи йигитнинг 5 ёшли қизи унинг думидан тортар ва:
- Дада, қаранг, кучук, ка-ат-та кучук! - деб бақирарди.
Йигитнинг вужуди сонияда музлабди. У кеча тоғда ўзи ўлдирган бўри болаларининг отаси эди.
Йигитнинг шуурида "Тамом! Қизчамдан айрилдим! Бўри қасос олгани келди!" деган фикр ярқ этибди. Шунда эркак бўри аста қизалоқнинг устига энгашиб, унинг юзларини искабди ва йигитга қараб мунгли овозда увлабди. Масофа қанчалик узоқ бўлмасин, йигит бўрининг кўзларидан оққан ёшни кўриб турарди.
Бўри чақмоқдай тезлик билан югуриб девордан сакрабди ва кўздан ғойиб бўлибди. Овчи йигитнинг ранги оқариб кетган, бўлиши муқаррар бўлган мудҳиш воқеадан қўрққанидан бутун вужудидан тер қуйилар, оёқлари қалтирар, тили калимага келмасди.
Аранг қадам босиб бориб, қизчасини қучоқлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Ҳа, бўри унинг фарзандини авайлаган эди. Ҳатто шу тилсиз, онгсиз, энг ваҳший жонзот ҳам болага раҳм қилганди. У эса инсон бўла туриб бўри болаларига ачинмади...
Йигит милтиғини тошга уриб синдириб ташлади ва қайтиб ов қилмасликка қасам ичди.