Бўлган воқеа: Жанозадан репортаж ёхуд эътиборсизлик, масъулиятсизлик, боқибеғамлик, бола тарбиясига совуққонлик қурбони

Марҳум ҳали ёш эди, қирқинчи баҳорини кўришга улгурмади. Одатда бундайларнинг жанозаси оғир ўтади.

Фарзанд доғида қолган ота-она, отасининг меҳрига тўймаган болалар дод-фарёди, йиғи-сиғилари бутун маҳаллани тутади. Уларга ҳамдардлик билдириш учун келувчилар кўп бўлади. Бироқ бу маърака бошқача бўлди...

Жанозага кечикиброқ етиб бордим. Шундай бўлса-да, йиғилганлар фавқулотда кам эди. Асосан марҳумнинг қариндош-уруғи ва ҳамсоялари. Шулар ҳам тўда-тўда бўлиб, нималарнидир муҳокама қилар, баландроқ овозда кулиб юборишдан-да тийилмас эди. Бел боғлаганлар “меҳмон” келганда жиддий тортиб, у сафга қўшилгач яна ҳангомага зўр берарди. Бу вазиятдан улар эмас, кўпроқ мен ноқулай бўлдим.

Бел боғлаганлардан бир ёшроғини имлаб, ёнимга чақириб олдим. Нега ҳамма хурсанд, деб сўрашга юзимиз бормай, саволни “узоқ”дан бердим:

- Марҳум ёш кетибди, касалмиди?

- Отдай эди, - ғалати мамнунлик билан жавоб берди йигитча. – Охирги марта кўпроқ ичиб қўйганми ёки заҳарланганми, кутилмаганда ўлиб қолди.

- Аттанг! Оиласи бормиди? Бечораларга қийин бўлибди!?

- Биринчи хотинини уриб, майиб қилган. Иккинчиси уйига кетиб қолган, жанозага ҳам келмади. Ароқ олиш учун уйдаги ҳамма нарсани чиқариб сотарди, раҳматли. Оиласи энди тинч яшаса керак.

Ҳа, жаноза оиласи ва бошқа яқинлари учун тириклигидаёқ ўлиб бўлган одамники экан. Вазият шу даражага борганки, ҳеч ким унинг ўлимига олиб келган аниқ сабабни билмайди ва бунга қизиқмайди ҳам. Шунинг учун юзларда ғамни кўрмайсиз. Аксинча, улар хаста бир аъзосини кестирган беморга ўхшарди: кесилган жой ҳали азоб беряпти, лекин дарддан қутулганига хурсанд улар.

- Охирги марта “наркология”да вақти бориб кўргандим, - дейди улфатларидан бири. – Мени кўриб хурсанд бўлиб кетганди. Яқинларидан ҳеч ким бормаган экан. Тўғри, бу унинг биринчи даволаниши эмас, лекин шу галгисида мақсади жиддийга ўхшади. Кўп ичса-да, яхши одам эди. Бунақа якунга муносиб эмасди.

Мен у кишинни ойда бир бўлса-да, кўчада кўриб турардим. Кўпинча сармаст, улфатлари қуршовида топардим. Бир-икки марта “Ҳақ бермайсанми, ҳеч бўлмаса, битта ароққа пул бер”, дея йўлимни тўсгани ҳам рост. Бироқ машъум хабарни эшитиб, у билан боғлиқ барча нохуш хотиралардан, нафратимдан воз кечдим. Наҳот яқинлари бир бегоначалик бўлолмади.

Жанозада марҳумнинг ҳаёти, ёшлигига оид қизиқ воқеалар ҳам ёдга олинди. Мактабда тўполончи бўлгани, муассаса жиҳозларини ўғирлаб сотганлари-ю нос чекиб қўлга тушганларигача. Буларни эшитиб, аслида унинг бу тақлид ҳаёт кечиришида айби йўқлиги, жабрдийда кўпчилик ўйлагандек оиласи эмас, балки унинг ўзи эканлигига амин бўлдим. Агар бугун бел боғлаган дадаси-ю, хориждан жанозага етиб келолмаган онаси ўғлининг тарбиясига вақтида эътибор беришганида, яқинлари устидан кулмай, тўғри йўл кўрсатишганида, у яхши инсон бўларди, балки кўпроқ яшаб, фарзанду невараларига ҳам шундай тарбия берарди. Афсуски, бундай бўлмади. 

Хуллас, мен учун у ўлмади, балки оиласи томонидан “ўлдирилди”. Эътиборсизлик, масъулиятсизлик, боқибеғамлик, бола тарбиясига совуққонликнинг кечиккан қурбони бўлди у.

Асқар Баротов.