Бу йил Самарқандда 8 минг нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилади
Бу ҳақда бугун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Замон талабига мувофиқ, касб-ҳунар йўналишида кадрларни тайёрлаш масаласи” мавзусида бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувда маълум қилинди.
- Самарқанд туманидаги эшкак эшиш каналида қурилаётган туризм марказига юқори савияли, жаҳон стандартларига мос хизмат кўрсатадиган йигит-қизлар керак, - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов. – Туризм марказида қурилаётган беш юлдузли меҳмонхоналар, парк ва савдо марказларига 26 хил мутахассисларни тайёрлашимиз керак. Уларга юқори даражада маош тўланади.
Тадбирда шаҳар ва туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчиларини касб-ҳунарга ўқитишга жалб этиши таъкидланди. Бунда, албатта, уларга мактаб директорлари ва маҳалла яқиндан ёрдам беради.
2022 йилда ишга тушиши кутилаётган туристик марказда 2 та беш юлдузли, 2 та тўрт юлдузли меҳмонхона, савдо марказлари ва парклар барпо этилмоқда. Учрашувда мазкур марказга юқори савиядаги мутахассислар тайёрлаш режалаштирилди. Туристик марказда ишловчи ёшлар рус ва инглиз тилларини билиши керак.