Бу йил Самарқандда касб-ҳунар мактабларига 9420 нафар битирувчи қабул қилинади

- 2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги 37 та касб-ҳунар мактабига 49 та касб бўйича 9420 нафар 9-синф битирувчиларини қабул қилиш режалаштирилган, - дея Zarnews.uz'га маълум қилди вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Отажон Норов. - Янги ўқув йилида энг кўп ва энг кам қабул қилинадиган касблар аниқланди. Масалан, энг кўп қабул қилинадиган касблардан тикувчиликка 1590 нафар, пайвандловчиликка (электргазпайвандлаш ишлари) 1050 нафар, автомобиль шассисига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш йўналишига 810 нафар, тракторчи-машинистликка 660 нафар ҳамда электромонтёрликка 630 нафар 9-синф битирувчилари қабул қилинади.

Шунингдек, талаб кам бўлган маиший техника жиҳозларини таъмирлаш, банк назоратчиси, агрокимё ва тупроқшунослик лаборанти, мелиорация техникаси оператори, сув таъминоти ҳамда канализация тармоқлари кузатувчиси, токарь, чорвадор касбларига 15-30 нафаргача ўқувчи қабул қилиш бўйича режа таклифлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига киритилди.

2022-2023 ўқув йилида 9-синф битирувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосан 9550 нафар ўқувчи вилоятдаги касб-ҳунар мактабларида ўқиш истагини билдирди.

Касб-ҳунар мактабларида таълим олиш, умумтаълим мактабларининг жорий йил 9-синф битирувчилари ҳисобидан 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интег­рациялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Касб-ҳунар мактабларига 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини қабул килиш жараёни ҳар йили 1 июлдан 20 июлга (шу куни ҳам) қадар онлайн ёки анъанавий тарзда амалга оширилади.