Бугун оғир атлетикачиларимиз жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди

Кеча Грециянинг Ираклион шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди.
 
Дунё биринчилигида 6 нафар вакилимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Бугун, яна саноқли дақиқалардан кейин -55 килограмм вазндаги атлетимиз Жамила Панфилова ўз чиқиши билан ҳамюртларимизнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлаб беради.
 
5 май куни -73 килограмм вазнда Оғабек Тўхтаев, 7 май куни -89 килограмм вазнда Ҳожиакбар Олимов, 9 май куни -102 килограмм вазнда Шарофиддин Амриддинов ва -87 килограмм вазнда Турсуной Жабборова супачага чиқади.
 
10 май куни эса оғир вазнли - (+109 килограмм) Мирҳосил Мирзабоев беллашувини бошлайди.
 

Жаҳон чемпионати 10 майга қадар давом этади ва унда дунёнинг 61 мамлакатидан 300 нафардан зиёд спортчи медаллар учун супачага чиқади.