Оғир атлетика: Жамила Панфилова жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди

Айни кунларда Грециянинг Ираклион шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Чемпионат мамлакатимиз спортчилари учун омадли бошланди.

Дунёнинг 61 та давлати вакиллари орасида 55 килограмм оғирликдаги баҳсларда ҳамюртимиз Жамила Панфилова ўз салоҳиятини намойиш қилди. У иштироки мобайнида иккита медалга эга чиқди.

У даст кўтариш баҳсида 86 килограмм натижа қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди. Аҳамиятлиси, бу Панфиловага икки курашдаги медаллар учун баҳсда катта захира бўлди. Силтаб кўтариш машқида 100 килограмм тошни бўйсундирган полвон қизимиз ушбу йўналишда олтинчи натижани қайд этган бўлса-да икки курашда бронза медалига сазовор бўлди.

Ушбу оғирликда бельгиялик Нина Стеркх 204 (93+111) килограмм натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Кумуш медаль украиналик Светлана Самулякка 192 (89+103) насиб этди.