Бугун Халқаро архивлар куни: Тарихий ҳужжатлар қўриқчилари
1948 йил 9 июнда ЮНЕСКО томонидан Халқаро архивлар кенгашига асос солинган эди. Шу муносабат билан халқаро архивлар кенгашининг 2007 йил ноябрь ойида Канаданинг Квебек шаҳрида ўтказилган йиғилишида 9 июнни – “Халқаро архивлар куни” сифатида нишонлаш белгиланган.
Биринчи марта Халқаро архивлар куни 2008 йил 9 июнда Халқаро архивлар кенгаши ташкил этилганлигининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилди. Шу кундан бошлаб ҳар йили 9 июнь халқаро архивлар куни сифатида нишонланади.
Ўзбекистон ҳудудида архивларнинг пайдо бўлиши уч минг йиллик давлатчилик тарихи билан боғлиқ. Бугунги кунгача сақланиб қолган архив ҳужжатларида асосан Ўрта Осиё ҳукмдорларининг маълум имтиёз ва мукофотлар бериш тўғрисидаги ёзувлари, солиқларни йиғиш, тўплаш тўғрисидаги тўлов қоғозлари, иқтисодий ёзишмалар ҳамда камдан-кам ҳужжатлар нусхалари ёки маълумотлар акс этган. Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида иш юритиш, ҳужжатларни сақлаш билан бевосита боғлиқ бўлган девонбеги, парвоначи, китобдор каби лавозимлар мавжуд бўлган.
Ўрта Осиёда махсус муассаса сифатида архив XIX аср охирида шаклланган. 1870 йилдан бошлаб вилоят кенгашлари қошида махсус идоравий архивлар ташкил этилган. Маҳаллий миллий муассасалар қози ва бий судлари, маҳаллий оқсоқоллар фаолияти натижасида тўпланган ҳужжатлар иш хоналарида сақланар эди. 1919 йил 5 ноябрда Туркистон Республикаси марказий ижроия қўмитасининг “Туркистон АССРда архив ишини қайта ташкил этиш ва марказлаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши архив ҳужжатларини махсус муассаса томонидан тартибли жамлаш ва сақлаш учун замин яратди. Собиқ давлат идоралари архивларини идоравий архив сифатида тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва илмий, тарихий, маданий ҳамда маърифий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар давлат мулки деб эълон қилиниб, Туркистон Республикасининг Ягона давлат архив фондига топширилиши белгиланди. Ўрта Осиё республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланиши ва 1925-1926 йилларда Ўзбекистон ССР тузилиши билан вилоят ижроия қўмиталари ҳузурида ҳудудий архив буюролари ташкил этилди. 1930 йилларнинг бошларида республикада марказий архивлар тармоғи шакллана бошлади, бу эса аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни жамлашни таъминлади.
Собиқ совет даврида архивларга фақат ҳужжатлар сақланадиган бир жой деб қаралган бўлса, мустақиллик даврида бундай қараш тубдан ўзгариб, маънавий бойлигимиз булоғининг кўзи очилди. Бундан фақат юртдошларимиз эмас, бутун дунё олимлари баҳраманд бўлиши учун архив иши ва иш юритиш соҳасида зарур инфратузилма яратилди. 1999 йилда “Архив тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги, 2010 йилда мазкур қонунга ўзгартиришлар киритилиб, “Архив иши тўғрисида”ги Қонуннинг амалга киритилиши, Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид бир нечта қарорлари чиқарилганлиги ана шундай эътиборнинг яққол исботидир.
Кейинги йилларда вилоятимиз архив муассасаларининг моддий имкониятлари ошди, улар томонидан кўрсатилаётган хизмат сифати яхшиланди, архивлар янги, замонавий, ёруғ биноларга кўчиб ўтди. Архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишда ижобий натижаларга эришилди ҳамда муайян интеллектуал ва технологик салоҳият шакллантирилди, Миллий архив фонди Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган архив ҳужжатлари билан бойитилди. Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқаруви ва назоратини такомиллаштириш, қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно ҳужжатларни рақамлаштириш ишлари, давлат архивларида сақланаётган тарихий давр - 1917-йилгача архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш ишлари амалга оширилди.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) ишлари амалга оширилмоқда. Араб алифбосида яратилган туркий, форсий ва арабча ҳужжатлардаги ахборотлар бўйича аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш хизмати Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши жорий қилинган бўлиб, ўқиганликни тасдиқлаш, иш стажини тасдиқлаш, иш ҳақини тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномасини олиш ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Самарқанд вилоят архив иши бошқармаси тизимида ҳам маънавий-маърифий ишлар ҳамда давлат тилида иш юритиш самарали ташкил этилди. Вилоят давлат архивида фан, маданият, халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тўғрисида маълумот берувчи ҳужжатлар ҳамда 50 дан зиёд шахсий фондлар мавжуд бўлиб, улар орасида ҳарбий мутахассислар, йирик фан ва адабиёт намояндалари, давлат арбоблари ва бошқа таниқли кишиларнинг ҳужжатлари сақланмоқда.
Фазлиддин Улуғов,
вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси катта инспектори.