Булунғурда автомобиль ишлаб чиқарилади
Туманимиз асосан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлиб, ўтган йил 415 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Бундан 5 йил олдин битта қайта ишлаш корхонаси фаолият юритган бўлса, ўтган даврда қўшимча 7 та янги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ташкил этилди.
Жорий йил инвестиция дастури доирасида яна 4 та қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади. Натижада туманимизда мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 2017 йилдаги 10 фоиздан 24 фоизга эришилади. Масалан, “Булунғур сандвик” ва “Samarqand garden plast” корхоналари томонидан йилига 55 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш ва 10 миллион долларлик мақсулот экспорт қилиш имконияти яратилди.
Бу ҳали етарли эмас
2017 йилда туманда 2,1 минг гектар майдонда картошка етиштирилган бўлса, бугунги кунга келиб қарийб 8 минг гектарга етди ёки 4 баробарга ўсди. Қайд этилган даврда 78 минг тонна ҳосил олинган ҳолда жорий йилда бу кўрсаткич 200 минг тоннага етказилади.
Туманимизда картошка етиштириш, сақлаш билан боғлиқ кўплаб имкониятлар ҳамда захиралар мавжуд. Мисол учун, Хўжамазгил маҳалласида 2000 гектар ер суғориш қийинлиги сабаб 25 йилдан буён самарасиз фойдаланилиб, бир марталик экинлар экиладиган лалми ерга айланиб қолган. Ушбу ердан самарали фойдаланиш мақсадида “Туронбанк” билан биргаликда янги лойиҳани амалга ошириш белгилаб олинди.
Бунинг натижасида 1000 дан ортиқ оилани даромадли қилиш имконияти пайдо бўлади. Картошка етиштириш 245 минг тоннага етказилади.
Йўл бўйида хизмат ва сервис ривожлантирилади
Хизмат ва савдо объектлари сони ўтган беш йил давомида 4,5 баробарга, аниқроғи, 396 тадан 1801 тага ошди. Ушбу йўналишда халқаро аҳамиятдаги М-39 магистраль автомобиль йўлининг туманимиз ҳудудидан ўтган 24 километр қисмида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш имконияти мавжуд. Шу мақсадда 16 гектар ер майдонида умумий қиймати 15 миллион доллар бўлган 71 та савдо ва сервис объектларини ишга тушириш ҳисобига қўшимча 1,5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Мисол учун, “Maltifankshinal Manufakchiring” масъулияти чекланган жамияти томонидан 15 миллиард сўмлик логистика маркази, меҳмонхона, умумий овқатланиш ҳамда савдо комплексини ташкил этиш орқали 60 та иш ўрни яратади.
Автомобиль заводимиз бўлади
Президентимизнинг ҳар бир ҳудудга камида 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича берган топшириғидан келиб чиқиб, аниқ лойиҳалар белгилаб олинди.
Мисол учун, туманнинг Ғўбдин массивида логистик жиҳатдан қулай - бир томонда халқаро автомобил йўли, иккинчи томондан темир йўл бўлган майдонда “Oltin tulpor motors” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 100 миллион долларлик хорижий инвестиция ҳисобига енгил автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳаси (жорий йилда 50 миллион доллар) амалга оширилади ва 200 та янги иш ўрни яратилади.
Айни массивдаги кейинги лойиҳа Хитойнинг “Shing jang jiyu sid” компанияси билан амалга оширилмоқда. Бунда лалми ер майдонларида замонавий сув тежовчи технологиялар асосида маккажўхори етиштириш ва экспортга йўналтириш лойиҳаси режалаштирилган. Жорий йилда 18 миллион доллар инвестиция киритиладиган лойиҳа доирасида 18 минг тонна маҳсулот қайта ишланиб, 5 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Асосийси, бу орқали 80 та янги иш ўрни яратилади.
Бандлик муҳим масала
Туманимизда жорий йил бошида ишсизлар сони 7,7 минг нафарни ёки 9,2 фоизни ташкил этганди. Ўтган 7 ойда уларнинг 7,1 минг нафари иш билан таъминланди. Мавжуд 600 нафар ишсиз ва меҳнат бозорига кириб келадиган 2,2 минг нафар ҳамда миграциядан қайтиши кутилаётган 2,5 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлашимиз лозим.
Ишсизларнинг 1,3 минг нафари “20 минг тадбиркор ва 500 минг малакали мутахассис дастури” ҳисобидан;
- 1,5 минг нафари инвестиция лойиҳалари орқали;
- 1,7 минг нафари кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳисобидан бандлиги таъминланади.
Муаммо йўқми?
Ўқувчида шундай савол туғилиши табиий. Юқорида айтганимдай, қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Муҳими, бу борада аниқ режаларимиз бор, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан имконият ва имтиёзлар яратилган. Ҳамма гап улардан фойдаланишда қолмоқда.
Мисол учун, Ғўбдин массивида қурилиши режалаштирилаётган автомобиль заводи фаолият юритиши учун “Ўзавтосаноат” рухсатини тезлаштиришда амалий ёрдам сўрадик. Чунки айни пайтда қурилиш учун ер ажратилган ва инвестор маблағ киритишга тайёр. Давлатимиз раҳбари ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани, режаларимиз маъқуллангани бизга янги куч ва шижоат бағишлади.
Самандар Астонов,
Булунғур тумани ҳокими.