Булунғурдаги кўприклар босқичма-босқич таъмирланяпти
Жорий йилнинг 15 августь куни интернет нашрларида Булунғур туманидаги кўприк маҳалла аҳолисини хавотирга солаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Булунғур тумани ҳудудидан 4 та – “Ўнг қирғоқ” (1941 йилда барпо этилган), “Бот-бот” (1970 йил), “Оқтепа” (1960 йил), “Булунғур” (1960 йил) магистрал каналлари ўтган. Шунингдек, туманда яна 4 та “Янги беш” (1970 йил), “Қора ариқ” (1960 йил), “Оқ ариқ” (1960 йил), “Чет ариқ” (1960) деб номланувчи ариқлар ҳам мавжуд.
Туман ҳудудидан ўтувчи ушбу канал ва ариқларга 71 та (шундан 37 таси Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси балансида, 4 таси Сув хўжалиги вазирлиги балансида, 30 таси эса эгаси аниқланмаган) кўприк қурилган. Ушбу кўприкларнинг 2 таси 1960 йилгача, 32 таси 1960-1975 йиларда, 27 таси 1976-1990 йилларда, 27 таси 1991-2005 йилларда, 5 таси 2005 йилдан кейин бунёд этилган. Уларнинг 23 таси маҳаллий аҳамиятга молик йўлларда, 32 таси қишлоқ ички йўлларида жойлашган.
Жорий йил баҳор фаслининг серёғин келиши ҳамда ёз ойида ҳаво ҳароратининг одатдагидан баланд бўлганлиги сабабли сув сатҳи кўтарилиб, айрим кўприкларга турли даражада зарар етган. Ҳозирги кунда уларни босқичма-босқич таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, интернет нашрларида келтирилган Чорбоғ маҳалласи ҳудудида жойлашган кўприк режа асосида таъмирланиши кўзда тутилган эди. Шу асосда олиб борилган ишлар натижасида кўприкда ўтиб-қайтувчилар учун хавфсизлик таъминланиб, асосий йўлга олиб чиқилувчи 250 метр узунликдаги йўлак учун ер ажратилди ҳамда тош тўкилиб, текисланди.
Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.