Чегарачилар уйли бўлди
Ватан ҳимоячилари куни олдидан Ургут тумани Ваткан-Қўзибек маҳалласидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм чегара қўриқлаш бўлинмаси ҳарбий хизматчилари учун 32 хонадондан иборат тўрт қаватли хизмат уйини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Умумий қиймати қарийб ўн миллиард сўм бўлган мазкур кўп қаватли уй вилоят маҳаллий бюджети маблағи ҳисобидан тўққиз ойда қуриб битказилди. Хонадонлар икки ва уч хонадан иборат бўлиб, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.
Самарқанд вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Э.Турдимов, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ва вилоят сектор раҳбарлари ҳарбий хизматчиларга янги хонадонлар калитларини топширар экан, уларни мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилган кун билан табриклади.
– Касбимиз тақозоси туфайли турли ҳудудларда ишлашимизга тўғри келади, – дейди Қобилжон Абдуқаҳҳаров. – Бундай пайтда оиламиз учун турар жой масаласи энг муҳим ҳисобланади. Бу борада бизга давлатимиз томонидан бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилган, бундан хурсандмиз. Лекин хонадонимиз иш жойимизга яқин бўлса яна ҳам яхши. Бугун ана шундай имконият яратилиб, янги хизмат уйига кўчиб ўтдик. Янги уйимизнинг илк меҳмонлари вилоят раҳбарлари бўлди.
Мазкур ҳудудда, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари маблағи ҳисобидан ҳарбий хизматчилар учун 7 та бир қаватли уй-жойлар ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди.