Ҳаёт дарси: Чироқ
Башорат бувининг кўзи хиралашиб қолганига анча бўлди. Аммо буви нолимайди, умрини узоқ, насибасини бутун қилган Яратганга шукрона айтиб бешт вақт намозни ёддан чиқармайди. Бироқ раҳматлик чолидан қолган бу ошённинг чироғини ёқиб ўтирган ёлғиз фарзанди Асқаджоннинг ўғил фарзанди йўқлиги кўнглини хуфтон қилади.
Худога шукур, бир-биридан лобар, одобли, ширин-шакар қиз неваралари бор. Қиз бола бировнинг хасми. Иккитаси келин бўлиб ўзга хонадонларнинг севикли бекасига айланди, яна бирининг ҳадемай бўйи етади, кенжаси мактабга боряпти. Бироқ ўғилнинг ўрни бошқада.
Худонинг карами кенг. Бувининг ўғил невара сўраб қилган илтижолари тўхтамайди. Насиб этса, келини яна фарзанд кўрадиган, шояд бу гал орзуси ушалса: “Эй, худо, марҳаматингни дариғ тутмай, Асқаджонимга ўғил бер, дийдорига тўйиб, тўйларини кўриб ўлсам, армоним йўқ!”. Башорат буви юзига фотиҳа тортиб, жойнамозини йиғиштирди.
Тонг саҳар Асқаджон тўлғоқ тутган хотинини туғруқхонага олиб кетганди. “Илоё, эсон-омон қутулиб олсин-да!”.
- Эна! Энажон, қаердасиз? Ўғилли бўлдим, энажон, суюнчи беринг, – ташқаридан Асқаджоннинг ҳаяжонли овози эшитилди.
Башорат буви шоша-пиша пешвоз чиқиб, ўғлини бағрига босди:
- Вой, суюнчи сендан айлансин, болам. Яратганга шукур! – Севиниб кетган буви пенсиясидан рўмоли учига тугиб қўйган пулни олиб Асқаджонга узатди.
- Эна, бу нимаси, одамни хижолат қилманг! – Асқаджон онасини қўлини қайтарди.
- Уялма, ол, болам, ота-боболардан қолган удум. Насиб бўлса, неварамнинг ақиқасини ўзим ўтказиб бераман.
Башорат бувининг қувончи еру кўкка сиғмасди шу тобда. Кўнглида ёнган чироқ шуъласидан хира кўзлари равшанлашиб кетди.
Тоғаймурод Шомуродов.