"Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур"

Бугун таниқли шоир Нодир Жонузоқ таваллуд топган кун. У 1976 йил 14 мартда Булунғур туманида туғилган.

Нодир Жонузоқнинг “Сизни севар эдим”, “Меҳрибоним” шеърий тўпламлари, “Ўн етти лаҳза”, “Нилуфар”, “Синиқ ой” каби бир қатор достонлари бор.

Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритган ва раиснинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2022 йилда Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари вазифасида ишлаган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Қуйида шоирнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.
***
ЎЙИН
Бу қиз билан ҳар куни
Ўйнардик бекинмачоқ.
Дарров топардим уни
Деворга бекинган чоқ.


Қўл ушлашиб адирга
Чопар эдик ҳаккалаб.
Қайтардик кейин бирга,
Қўймас эдим яккалаб.


Ишонмасдан, кўзимни
Кафти билан ёпарди.
Бекинарди. Мен уни
Осонгина топардим.


Капалакдай беқарор,
Оҳудай эди қочоқ.
Кейин билсам, аслида
Бу дунё – бекинмачоқ.


Бир кун огоҳ қилмасдан
Бир бурчакка чекинди.
Ўзи билиб-билмасдан
Чимилдиққа бекинди.


Овоз бердим: «Бўлди, чиқ,
Қанисан?..» – тинглар эди.
Лекин негадир пиқ-пиқ
Чиқмасдан йиғлар эди.


Кирай десам ёнига,
Тўсиқ бўлди янгалар.
Игна санчиб жонимга,
Дил дардимни янгилар.


Ташқаридан сўз қотдим:
«Ҳаммаси ўйин эди,
Кўз юмдиму – йўқотдим,
Буёғи тўйинг энди…».


Шундан бери ҳар куни
Ярамга тегинаман.
Узоқдан кўриб уни,
Шу заҳот бекинаман.


Эргашолмас изимдан,
Ортимдан чополмайди.
Кўриб турару зимдан,
Ҳеч қачон тополмайди…
2002 йил.

ЧИРОЙЛИСИЗ…
Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.
Ташлайсиз гоҳ кўз қирингизни.
Талпинади юрак қурмағур,
Билсам дейди дил сирингизни.


Аммо сира бузмайсиз пинак,
Хотиржамсиз. Сокинсиз. Сипо.
Гўё йўқ сиз етмаган тилак,
Гўё сизда дунё бахти жо.


Ҳолбуки ҳар лаҳза бетиним
Қалбингизда отилар вулқон.
Гарчи қушдай юрсангиз-да жим,
Қонингизда ухлайди тўфон.


Бепарвосиз. Вазмин. Осуда.
Оққуш каби қиласиз пардоз.
Гўё беўй, беғамсиз жуда,
Гўё иссиқ ҳисларингиз оз.


Адашдимми ё кўнгил бериб?
Ўйлайверсам – юрагим оғрир.
Пойингизга тўкилдим эриб…
Чиройлисиз. Гўзалсиз. Мағрур.