Дарсликлардаги хатоликларга қачон барҳам берилади?
Бугунги она тили дарслик китобларининг мазмуни қай даражада? Жаҳон таълим стандартига жавоб бера оладими?
Она тили дарслик китобларининг деярли барчасида мавзулар бўйича қоидалар назарий билимлар асосида ёритилган бўлса-да (улар ҳам баъзилари тўлиқ эмас), уларни далилловчи аниқ мисоллар билан тўлдирилмаган. Масалан, 5-синф она тили дарслигида (2015 йил. 90-бет) олмош сўз туркумига шундай таъриф берилган: «От, сифат, сон ва бошқа сўзлар ўрнида қўлланиб, уларга ишора қилувчи сўзлар олмош ҳисобланади».
Яшириб нима қиламиз, ўқувчиларимиз айнан олмош ва равиш сўз туркумларини йиллар давомида англаши, ажратиши қийин кечяпти? Чунки бу мавзулар дарслик китобларида аниқ ва кенг ёритилмаган. Назарияни асословчи далиллар тўлиқ келтирилмаган. Ҳолбуки, олмошга 7-синф она тили дарслигида (2017 йил, 18-бет) “Барча мустақил сўз туркумлари, сўз бирикмаси ва гап ўрнида алмашиниб қўлланилувчи, уларга ишора қилувчи ёки сўроқ билдирувчи сўзлар олмош ҳисобланади” деб тўғри таъриф берилган, аммо ҳар бир келтирилган фикрга далилловчи мисоллар берилмаган.
Назаримда уни қуйидаги намунада бериш лозим: 1. Олмош от ўрнида: Собир эрталаб ухлаб қолди. Шунинг учун у дарсга кечикиб келди. 2. Сифат ўрнида: Мен янги китоб сотиб олдим. Бу китоб менга жуда ёқди. 3. Сон ўрнида: Боғимизда 15 туп мевали дарахт бор. Aнварларнинг боғига ҳам шунча мевали дарахт кўчатини ўтқаздик. 4. Феъл ўрнида: Карим гулларни уза бошлади. Бу эса боғбоннинг жаҳлини чиқарди. 5. Равиш ўрнида: Салима матнни жуда тез ўқиди. Мадина ҳам шундай ўқиди. 6. Сўз бирикмаси ўрнида: Aброр Aзизовнинг маърузаси жуда таъсирли бўлди. Бу маъруза бутун жамоани оёққа турғизди. 7. Гап ўрнида: Орзум шуки, ота-онам узоқ умр кўрсин.
Дарслик китобларда берилган барча назарий маълумотлар, ҳар бир фикр аниқ мисоллар билан юқоридаги каби асослаб берилса, мавзу ҳам ўқувчига тўлиқ ҳолича етиб боради.
Бу камчиликлар бартараф этилмас экан, ўқувчилар саводсизлигига барҳам берилмайди. Ўқувчиларда ўқиш саводхонлигини оширишимиз лозим. Бу тушунча бугунги кунда нафақат матнни тўғри ўқий олишни англатади, балки матн мазмунини ўқувчи онгига сингдиришимизни талаб этади. Бунинг учун дарсликдаги илмий-назарий маълумотларни ўқувчиларга кўр-кўрона ёд олдиришимиз бугунги давр талабига мутлақо тўғри келмайди. Ўқувчи матн билан ишлаганда ҳар бир гапнинг, ҳар бир сўзнинг маъносини чуқур англаши, моҳиятини, унинг нима сабабдан қўлланганини тушуниши керак.
Олмош сўз туркумини ўргангунча ўқувчи барча мустақил сўзлар билан таниш бўлиши керак. Жумладан, равиш билан ҳам. Дарслик китобда эса олмош сўз туркуми от сўз туркумидан кейин берилган.
5-синф она тили дарслигида (2015 йил, 101-бет) равиш сўз туркумига шундай таъриф берилган: "Қандай, қанча, қачон сўроқларига жавоб бўлиб, ҳаракатнинг ҳолати, ўрин, пайт, сабаб, даража-миқдорини билдирган сўзлар равиш саналади". Равиш сўз туркуми билан биринчи бор танишган ўқувчида шу маълумот бир умр сақланиб қолади. 6-синф она тили дарслигида эса (2017 йил. 177-бет) равишга шундай таъриф берилган: "Ҳаракат-ҳолатнинг бажарилиш тарзи, пайти, ўрни, даража-миқдори каби белгиларни билдирувчи ва қандай?, қачон, “қаер (-га,-да,-дан) сингари сўроқларга жавоб бўлувчи сўзлар равиш дейилади".
Ўқувчи, аввало, китобга таянади ва ишонади. Шунинг учун ўқитувчига ўқувчи онгида равиш ҳақида тўлиқ маълумотни сингдириш анча қийинчилик туғдиради.
Ўқитувчи берган маълумотни 30 фоиз ўқувчи англаши мумкин. Қолгани-чи? Дарсликдаги маълумот билан чекланади, албатта. Уларга бу мавзуни сингдириш учун бир соат дарснинг ўзи кифоя қилмайди.
Мен 5-синфдан ўқувчиларга равиш ҳақида иложи борича оддий ва тушунарли чизмалар асосида тўлиқ маълумот берилишини ва ҳар бир фикр мисоллар билан кўрсатилишини тавсия этардим. Масалан, ҳаракатнинг бажарилиш ҳолатини, ўрнини, пайтини, даража-миқдорини, мақсад-сабабини билдирган сўзлар равиш дейилади. Равишлар қандай, қай тарзда, қай ҳолда (ҳолат); қаерда, қаерга, қаердан (ўрин); қачон (пайт); қанча (даража-миқдор); нима мақсадда, нима учун (мақсад); нега, нима учун, нима сабабли (сабаб) каби сўроқларга жавоб бўлади. Масалан:
1. Равшан мактабга тез борди. Қандай? Ҳолат равиши.
2. Равшан мактабга орқа тарафдан борди. Қаердан? Ўрин равиши.
3. Равшан мактабга эрталаб борди. Қачон? Пайт равиши.
4. Равшан мактабга кўп борди. Қанча? Даража-миқдор равиши.
5. Равшан мактабга атайин борди. Нима мақсадда? Нега? Мақсад равиши.
6. Равшан мактабга ноиложликдан борди. Нима сабабли? Нега? Сабаб равиши.
Дарслик китоблардаги ҳар бир мавзу бўйича берилган назарий маълумотлар юқорида кўрсатилгани каби аниқ ва тўлиқ ҳолда мисоллар билан асосланиб берилса айни муддао бўларди.
11-синф. Она тили дарслиги. (2018 йил. 19-бет) "Нутқ тўғрилиги мавзусида шундай таъриф берилган: Aдабий тил меъёрларига амал қилинмасдан тузилган нутқ тўғри нутқ бўла олмайди…. адабий тилда қуйидаги меъёрлар фарқланади: 1) лексик меъёрлар; 2) талаффуз меъёрлари; 3) сўз ясалиши меъёрлари; 4) морфологик меъёрлар; 5) синтактик меъёрлар; 6) услубий меъёрлар".
Дарсликда юқорида келтирилган маълумотлар аниқ мисоллар асосида далилланмаган. Шунингдек, дарсликда берилган машқлар ҳам талаб даражасида эмас. Она тили дарслик китобларининг барчасида бу каби камчиликлар мавжуд.
Мавзулар бўйича берилган машқлар ва топшириқлар эса жуда содда. Яъни, Блум таксономиясида ўқувчи билимини баҳолайдиган бўлсак, бу топшириқлар билиш, тушуниш, қўллаш даражасидан юқорига ўтмаган. Ҳолбуки, бугунги таълим янгиликлари ўқувчиларда таҳлил, баҳолаш, яратиш босқичларини шакллантиришни талаб этмоқда.
Хуллас, ўқувчиларда таълимнинг янгича ёндашув кўникмаларини шакллантириш учун, аввало, дарслик китобларида берилган саволлар ва топшириқларни шунга мослаб ўзгартириб боришимиз лозим. Шунда ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам таълимнинг янгича ёндашувига аста-секинлик билан мослашиб боради. Ўқувчиларга амалиёт орқали назарияни сингдириб бориш имкони яратилади. Ўқувчиларда ўрганган билимларини амалда қўллаш кўникмалари шаклланиб боради. Шундай экан, дарслик китобларидаги машқ ва топшириқлар ҳам шу мақсад асосида янада такомиллаштирилиши лозим, яъни ўқувчини танқидий фикрлашга ундовчи PISA тест ва топшириқлари, STEAM талаблари сингдирилган ва бошқа фанлар билан интеграциялаштирувчи топшириқлар берилиши керак.
Aзиза САЙДУЛЛАЕВА,
Самарқанд шаҳар 24-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.