"Динамо" сербиялик мураббийлар билан шартномани бекор қилди ва жамоага янги мураббий тайинланди
Бу ҳақда клуб ахборот хизмати хабар берди.
Бугун, 20 май куни «Динамо» ПФК қароргоҳида клуб раҳбарияти ҳамда жамоа иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Унда жамоанинг сўнгги турларда қайд этган қониқарсиз натижалари атрофлича муҳокама қилиниб, клуб бош мураббийи Предраг Роган билан дўстона хайрлашилгани маълум қилинди.
Сербиялик мутахассис билан бирга унинг ёрдамчиси Иван Йевич билан ҳам шартнома бекор қилинди.
Шунингдек, клуб раҳбарияти қарорига кўра, «Динамо» жамоаси бош мураббийи этиб шу пайтга қадар клуб спорт директори лавозимида фаолият юритган Андрей Шипилов тайинланди. Андрей Сергеевич «Пахтакор» мураббийлар штаби ва «Металлург» клуби бош мураббийи сифатида фаолият юритган.
Маълумот ўрнида: "Динамо" жорий мавсум Суперлигада 9 ўйин ўтказиб, 5 тасида мағлуб бўлди, 3 тасида дуранг ўйнади, бир ўйинда ғалаба қилиб, турнир жадвалида охирги - 14-ўринда боряпти.
Жамоа 23 май куни 10-турда ўз майдонида АГМК жамоасини қабул қилади.