“Динамо” Суперлигага қандай тайёргарлик кўрди?

“Динамо” жамоаси Суперлига янги мавсуми олдидан Тошкентдаги йиғинда маҳаллий клубларга қарши назорат учрашувларида майдонга тушган бўлса, Саудия Арабистони ва Туркияда ўқув-машғулот йиғинларида Саудия Арабистони, Россия, Грузия, Қатар, Латвия ва Қозоғистон клублари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказди. Шу билан бирга, йиғин доирасида таркибни кучайтириш мақсадида жамоага маҳаллий ва легионер футболчилар ҳам жалб қилинди.

Жумладан, маҳаллий клублардан Ҳумоюнмирзо Иминов, Дамир Темиров, Фаррух Икромов, Хислат Халилов, Санжар Шоаҳмедов, Ҳусниддин Ғофуров, Одилжон Абдумажидов, Владимир Козак, Анвар Ҳожимирзаев ҳамда беларуслик Артём Сокол, ганалик Эммануель Ягр, бразилиялик Журани Франсиско Феррейра каби легионер футболчилар билан шартнома имзоланган. Ганалик икки легонер ҳужумчи Кожо Жоэль ва ярим ҳимоячи Францис Нарх жамоа таркибида ўтган мавсумдан буён тўп сурмоқда.

“Динамо” Суперлиганинг илк турида Наманганда “Навбаҳор”га қарши майдонга тушади. Жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов мавсумга тайёргарлик ва Суперлига старти олдидан фикрларини билдирди.

- Охирги ўқув-машғулот йиғинни Туркияда ўтказдик ва бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик, ҳаммаси яхши ўтди, - дейди В.Абрамов. – Селекция ишларидан қониқдим, кимни жамоага олиб келиш мумкин бўлса, жалб қилдик. Бу танлов қанчалик тўғри бўлгани эса ўйинда аниқ бўлади. Мавсум олдидан мақтанишга эрта, лекин мухлисларни хурсанд қилиш учун ҳаракат қиламиз. Суперлига старти олдидан сўнгги ўртоқлик учрашувини “Андижон” клубига қарши ўтказдик. Ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса-да инобатга олиш керак бўлган жиҳатларга эътибор қаратдик. Намангандаги илк учрашув қизиқарли бўлади. Тўғри, “Навбаҳор” иккита расмий учрашувда майдонга тушгани учун кичик устунлик бор, аммо футболчилар яхши ўйин кўрсатса, рақибнинг кимлиги аҳамиятсиз.

“Динамо” 1 март куни илк турни сафарда “Навбаҳор”га қарши ўтказса, иккинчи турда Жиззахда “Нефтчи” билан ўйнайди, учинчи турда эса Олмалиқда ОКМК меҳмони бўлади.