“Динамо”га янги мураббий келди
Вилоятимизнинг бош жамоаси - “Динамо” профессионал клуби бу йил Супер-лигага чиқишни қатъий мақсад қилган ҳолда мавсумни бошлайди. Шу мақсад йўлида клуб мутасаддилари Самарқандга таниқли мутахассис, кўп йиллар Россия ва Ўзбекистон жамоаларида тўп суриб, мухлислар меҳрини қозонган тожикистонлик Ҳаким Фузайловни бош мураббий этиб тайинлашди.
Катта футбол тажрибасига эга мураббий билан бир йиллик шартнома имзоланди.
Журналист Дилмурод Дўстмуродов янги бош мураббийдан эксклюзив интервью олди.
- Ҳаким Қаюмович, азим Самарқандга, Самарқанд футболига хуш келибиз! Мамнунмисиз?
- Катта раҳмат. Бениҳоя мамнунман. Дунё биладиган машҳур Самарқанд менинг иккинчи она юртим ва унинг футболи менга бегона эмас. Йигирма йил муқаддам мен айнан олий лигада “Динамо”га мураббийлик қилганман. Ҳозирга қадар эса Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоаси бош мураббийи эдим. Ўзбекистонга, “Динамо”га таклифни рад қилолмадим. Бу ерда футбол жадаллик билан ривожланмоқда. Эътибор билан кузатиб бораман.
- Вилоят ва клуб раҳбарияти Сизнинг зиммангизга қандай вазифани юклади?
- Менинг ва клуб мутасаддиларининг асосий эътибори катта футболни Самарқандга қайтариш. Муҳими, вилоят раҳбарияти шонли тарихга эга “Динамо”ни кучлилар сафига қўшишга қаратилади. Бу жудда мураккаб ва масъулиятли жараён. Астойдил киришсак, ҳамжиҳат бўлсак, мухлислар ва ҳомийлар қўлласа, мақсадга эришамиз. Биринчи навбатда, аҳил ва кучли жамоани шакллантириб, ҳимоя, ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғини бугунги талаб даражасида кучайтиришимиз керак. Насиб этса, бир-икки ҳафта ичида ўйинчиларни саралаб оламиз. Маҳаллий истедодли ўйинчиларга жиддий эътибор қаратмоқчиман. Керак бўлса, Россия ва Тожикистондан ҳам кучли ва тажрибали футболчиларни жамоага таклиф этамиз.
- Албатта, Сизга мураббийлар Жасур Ҳамроев, Дилшод Шарафутдинов, Нодир Мардонов, Максим Кольядин ва клуб раҳбари Учқун Қобилов яқиндан ёрдам беради.
- Уларнинг айримлари шогирларим. Улар билан бир маслак сари интиламиз. Олдинги видеотасмаларни кўриб чиқдим. Ўтган футбол мавсумида мухлисларга анча маъқул бўлган Суҳроб Нуриллаев, Бобир Қосимов, Амир Сафаров, Ҳакимхон Аъламхонов сингари
ўйинчилар шартнома муддати тугаганлиги сабабли бошқа жамоларга кетишган. Энг муҳими, таниқли дарвозабон Ботирали Эргашев “Қўқон-1912”дан яна самарқандликлар сафига қўшилди. Яна бир қатор истедодли маҳаллий
ўйинчилар кўригимиздан ўтишмоқда.
Ўйинчилар билан тадорикни бошладик. Уларнинг жисмоний ҳолатини тикламоқчимиз. Яқин кунларда Қашқадарё вилояти ҳокими кубогида иштирок этиш ниятимиз бор.
Суҳбатдош: Дилмурод Дўстмуродов.