Директор ва “завуч” назорат дарсига кирадими?

Бугун ўқитувчига берилаётган рағбат, имтиёз ва имкониятлар унга қўйилаётган талаб ва масъулиятни ҳам кучайтиради. Мактабларда таълим сифатини ошириш учун, аввало, ўқитувчиларнинг билими, дарс ўтиш маҳорати, тажриба ва кўникмасини ривожлантириш керак. Ўқитувчи ўз устида ишлаши, доимий маҳоратини оширишга интилиши учун дарсларни директор ва “завуч” (ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари) назорат қилиб боради.

- Директор ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳафтада 4 соат дарсларни кузатади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси рус тили методисти Ҳилола Шарипова. – Улар ўқитувчининг билимидан тортиб, дарснинг тарбиявий аҳамиятигача эътибор беради. Сўнгра таҳлил дафтарига қайд этади.     

Хўш, ҳақиқатан ҳам мактабда директор ва “завуч” назорат дарсларига кирадими?  Дарсларни таҳлил қиладими?

- Ҳафтасига 4 соат назорат дарсларига киришим керак, аммо баъзида бир кунда 3 соат назорат дарсларига кираман, - деди Нуробод туманидаги 33-умумий ўрта таълим мактаби директори Зироат Садинова. – Бироқ очиқ дарсларга деярли кирмайман, сабаби, бундай дарсларга ҳамма тайёрланган бўлади.   

Мактаб директорининг жавобидан қониқиш ҳосил қилиб, ундан таҳлил дафтарини сўрадик. Бироқ З.Садинова таҳлил дафтарини кўрсата олмади. Унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Л.Эшмирзаева таҳлил дафтарини кўчириш учун уйига олиб кетгани ва ёдидан кўтарилиб қолдирганини айтди.

Аслида таҳлил дафтари кўчирилмайди, ҳар бир раҳбар қатнашган дарсини ўзи таҳлил қилиши лозим. Хуллас, биз бу мактабда таҳлил дафтари борлигига ишонмадик.

Шунга ўхшаш ҳолат Нуробод туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабида ҳам рўй берди. Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Санжар Суюнов аввалига назорат дарсларига киришини айтди. Сўнгра таҳлил дафтари йўқлигини тан олди.

Шу ўринда ўқитувчилардан ҳам “Директор ва “завуч” назорат дарсларига кирадими?” деб сўрадик. “Назорат дарси нима у? Очиқ дарсни айтяпсизми?” деган ўқитувчилар ҳам бўлди. Демак, айрим мактаб раҳбарлари фақат очиқ дарсларга киради, бироқ дарсларни назорат қилмайди. Акс ҳолда ўқитувчилар назорат дарси ҳақида тушунчага эга бўларди.

Шуни афсус билан қайд этиш керакки, бугун таълим сифатининг пасайиб кетиши мактабларда назоратнинг йўқлиги, раҳбарларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганидандир. Агар директор ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар куни 1 соат дарсни назорат қилиб борса ҳамда педагогик кенгаш йиғилишларида таҳлил қилса, ўқитувчи ўз ишига масъулият билан қарайди, дарсни шунчаки ўтмайди.

Дарсни назорат қилишнинг энг самарали усули, бизнингча, синфларда овозли кузатув камералари ўрнатиш. Директор ҳам, ўринбосари ҳам ва ҳатто туман халқ таълими бўлими услубчилари ҳам бу тизим орқали ўқитувчи дарсига, фаолиятига баҳо бериши мумкин. Бундай ёндашув бугун ўз самарасини бераётгани ҳам яхши маълум. Бу билан барча мактаб раҳбарларини ўз ишига совуққон демоқчи эмасмиз. Уларнинг орасида ўз касбини яхши кўрадиган, вазифасини пухта уддалайдиганлари ҳам бор, албатта. 

- Ўқитувчиларнинг билимини баҳолаш учун назорат дарсларига кириб тураман, - дейди Ургут тумани 7-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Наргиза Маматкаримова. – Бизда билимли, тажрибали ўқитувчилар талайгина. Бироқ, ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам сифатли дарс бера олади, деб айтолмайман. Айниқса, ёш педагогларда дарсни ўқувчига етказиб бериш маҳорати етишмайди. Уларни устоз-шогирд анъанасига мувофиқ тажрибали ўқитувчиларга бириктирамиз. Мактабимизда ёш ўқитувчилар катта тажрибага эга ўқитувчилардан маҳорат сирларини ўрганади.

Аслида ҳам бир касбнинг моҳир устаси бўлиш учун биргина билимнинг ўзи камлик қилади. Айниқса, ўқитувчи ўзидаги билимни ўқувчига етказиб бериш маҳоратини ҳам эгаллаган бўлиши керак. Агар мактаб раҳбарлари дарсларни вақтида назорат қилиб борса, улар қайси ўқитувчи қандай дарс ўтишини яхши билади ва шунга қараб чора кўради. Ўқитувчилар ҳам ўз устида астойдил ишлайди, маҳоратини оширишга ҳаракат қилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.