"Док-1 МАКС"нинг фожиали оқибатларини биринчи бўлиб аниқлаган марказ масъуллари ишга тикланиши мумкинлиги айтилмоқда

Хабарингиз бор, "Док-1 МАКС" дори воситаси атрофидаги воқеалардан сўнг бир гуруҳ шифокорлар ишдан олинган эди. Улар орасида айнан юқоридаги дори воситасининг зарарли оқибатларини фош қилган шифокорлар — Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Маматқул Азизов ҳамда шифохонанинг гемодиализ бўйича мутахассиси Баҳодир Ғаниевнинг борлиги жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

4 январь куни марказ раҳбари Азизовга яқин бўлган манбалар томонидан ижтимоий тармоқларда "Док-1 МАКС" воқеаси ортидан вазифасидан бўшатилган шифокорлар қайта ишга тикланиши ҳақида хабарлар тарқатила бошланди. Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазири шифокорлар билан суҳбатлашган ҳамда ходимларнинг ишдан олиниши билан боғлиқ қарор қайтадан кўриб чиқилиши айтилган.

Ишдан олинган шифокорлар орасида болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази вакилларидан ташқари яна бир қатор муассаса ходимлари бор.

Жумладан, Тойлоқ туманидаги "Олмазор" оилавий шифокорлик пункти (ОШП)да ишлаб келаётган бир неча шифокор ва ҳамшира ишдан бўшатилгани маълум бўлди. Аммо “ўлим дориси” билан боғлиқ фожиада қишлоқ шифокорлари ва ҳамширанинг қанчалик айби борлиги очиқланмади. Zarnews.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун Тойлоқ туманида бўлиб, ишдан олинган шифокорлар — "Олмазор" ОШП мудири Х.Музаффаров ҳамда оилавий шифокор У.Маҳмудов билан суҳбатлашди. Маълум бўлдики, мазкур шифокорлар бемор болаларга “қотил дори”ни ёзиб бермаган, тавсия ҳам қилмаган. Дастлабки кўрикдан сўнг бемор таҳлил олиш учун Самарқанд шаҳрига кетилган бўлган.

Нима бўлганда ҳам "Док-1 МАКС" воқеаси ортидан айнан дорининг зарарли экани ҳақида маълум қилган муассаса вакиллари ва “ҳўлу қуруқ баравар ёнаётган” чоғда ишдан олинган қатор шифокорларнинг ишга тикланиши масаласи борасида бир неча манбалар хабар бермоқда.

Шу билан бирга ҳозирча мазкур хабар бўйича бирор бир расмий маълумот эълон қилинган эмас. Аммо тез орада тегишли идоралар томонидан масалага ойдинлик киритилиши кутилмоқда.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.