Дорихоналарда сотилаётган қиммат вирус блокаторлар коронавирусдан химоялайдими?

➖ Дорихоналарда коронавирусдан ҳимоя қиладиган қиммат бейдж (вирус блокатор) сотилмоқда. Айтишларича, у 2 метр масофагача вирусдан ҳимоя қилармиш. Бейдж — сотиб олишга арзийдими?

Бу саволга бугун АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов жавоб берди.

➖ Вируслар блокатори — Японияда кашф қилинган индивидуал бейдж, ҳозирги вақтда Россия компаниялари ҳам уни ишлаб чиқаришмоқда. Кашфиётчиларнинг таъкидлашича, бейджга киритилган диоксид хлорид моддаси инсон атрофидаги ҳавони зарарсизлантиришга ва бактерия, вирус ва қўзиқоринларни йўқ қилишга ёрдам беради.

Афсуски, бундай баёнотлар бейджлар ҳақиқатдан инсон атрофида тозаликни таъминлашга қодирлигини далилловчи бирор асосланган илмий мақолага таянмаган. Диоксид хлор буғ шаклида “А” грипп вируси фаоллигини пасайтиради. Бунинг учун уни сепиш керак, пластик ёки қоғозга киритиш эмас. Бундан ташқари, тажрибада моддани фақат битта касаллик қўзғатувчисида синовдан ўтказишган. Ишлаб чиқарувчилар эса барча мавжуд микроорганизмлардан 99 %га ҳимоялашини айтишмоқда.