Дорихоналарда устамалар 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани аниқланди

Бугун АОКА залида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева иштирокида ўтказилган брифингда пандемия даврида дори-дармон воситалари нархининг ошиши билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берилди.

Агентлик томонидан республикамизда вирусларга қарши, иммунитетни ошириш ва бошқа мақсадларга мўлжалланган дори воситалари нархининг ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли талаби юқори бўлган 91 та савдо номидаги дори воситаларининг дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари юзасидан кунлик мониторинг амалга оширилмоқда.

Жорий йил 23 июлдан 9 октябргача 3 мингта дорихонада мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Агентлик томонидан 140 та дорихонада текшириш ва ўрганишлар ўтказилган бўлиб, шундан, 30 тасида белгиланган устамаларнинг 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилгани, 17 та ҳолатда яроқлилик муддати ўтгани, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш, 18 та ҳолатда лицензиясиз фаолият ва бошқа камчиликлар аниқланган.

Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган жами 28 та дорихонага иш қўзғатилиб, ортиқча олинган 2 миллион 800 минг сўм пул маблағи истеъмолчиларга қайтарилган ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги ҳолати бўйича ҳужжатлар мутасадди ташкилотларга юборилган.