Дорилар нархи оширилгани юзасидан 3000 дан ортиқ дорихоналарга огоҳлантириш берилди

Ўзбекистонда коронавирусни даволашга ишлатиладиган дори нархлари ва уларнинг танқислигини ўрганиш жараёнида 3000 дан ортиқ дорихоналар раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш берилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар берди.

2020 йилнинг 20 июлидан 12 августига қадар 500 га яқин дорихоналарда COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари юзасидан агентлик томонидан мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Натижада дорихоналарда қуйидаги дори воситалари мавжуд эмаслиги аниқланди: Рибавирин таркибли (вирусга қарши восита) “Визавирин” (Ҳиндистон), Ритонавир ва Лопинавир таркибли (вирусга қарши восита) “Алувиа” (Германия), “Лопинавир/Ритонавир” (Ҳиндистон), Апиксабан таркибли (тўғридан-тўғри таъсир этувчи антикоагулянт, Ха. коагуляцион омилининг селектив инхибитори) “Эликвис” (АҚШ) дори воситалари.

Республика бўйича ўрганилган дорихоналарнинг 14 тасида (Тошкент ш., Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилояти) Умифеновир (вирусга қарши восита) таркибли “Арбидол” (Россия) ва “Арпефлю” (Белоруссия) дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, аҳоли талаби юқори бўлган айрим дори воситалари дорихоналардан ташқарида ва бошқа йўллар билан қиммат нархларда сотилаётганлиги қайд этилмоқда.

Хусусан, Плаквенил (гидроксихлорохин) каби дори воситаси дорихоналардан ташқарида 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача сотилаётган бўлса (ваҳоланки барча харажатлар ва савдо устамалари билан қўшиб ҳисобланганда ушбу дори воситасининг энг юқори чакана нархи 410 минг сўмдан ошмаслиги керак), чакана нархи 405 000 сўмдан ошмаслиги лозим бўлган Клексан (эноксапарин) 4000  ХА МЕ дозали дори воситаси дорихоналар ва ундан ташқарида 2,4 млн сўмгача нархларда сотилмоқда. Ёки, Белорусияда ишлаб чиқарилган Гепарин дори воситаси ҳам дорихоналарда қутиси учун 400 000 сўмдан реализация қилинмоқда, унинг чекланган чакана нархи 135 000 сўмни ташкил этади.

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 30 та дорихонада ўтказилган текширишлар давомида қуйидагилар маълум бўлди:

- 9 та (Тошкент ш. Жиззах, Самарқанд, Тошкент в.) ҳолатда белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилган.

- 6 та (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё в., Тошкент ш.) ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш ҳолатлари аниқланган.

- 12 та дорихонага белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилган (чора кўрилган) ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги учун белгиланган тартибда лицензиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тўпланган ҳужжатлар юборилди.

Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини ўрганиш давомида ва Агентлик томонидан олиб борилган мониторинг натижасида дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари аниқланган.

Агентлик барча истеъмолчиларга дорихона ходимидан дори воситаларини сотиб олишдан олдин мувофиқлик сертификатини талаб қилиш ҳуқуқига эканликлари, шунингдек, назорат-касса ва товар чеки беришни талаб қилиш зарурлигини эслатиб ўтди.

Дори-дармонларни қабул қилиш вақтида шифокорнинг фармацевтга ёзма мурожаати – рецептни сақлаш тавсия этилади.

Бу борада истеъмолчилик ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефони,  www.consumer.uz. веб-сайти ёки info@consumer.uz. электрон манзилига мурожаатингизни юборишингиз мумкин.