«Дориларни биринчи қаватдаги дорихонадан олинг!..»

Қишлоқда яшайдиган бир танишим даволаниш мақсадида шаҳарга келган эди.

- Ҳали кўп бўлмади, - деди у. – Туманимиздаги шифохонада даволаниб чиқдим. Афсуски, бирор нафини сезмадим. Ҳозир борсам, яна ўша дўхтир, ўша дорихона ва бир қоп дорига рўпара қилишади. Яхшиси, бирор хусусий клиникага кўринсам, деган ниятда келгандим.

Давлат шифохонасидан наф кўрмаган танишим билан шаҳардаги хусусий клиникалардан бирига бордик. Бош шифокорга учрашганимизда уч-тўртта "эшик"ка кириб, жавоблари билан олдига киришимизни айтди. Бир нечта текширувлардан сўнг унинг олдига кирдик. Умумий тавсияларини ва иккита вараққа дорилар рўйхатини ёзиб берди. Беморни текшириш давомида ўзини анча хотиржам тутган шифокор дорилар рўйхатини беморнинг қўлига тутқазар экан, ҳукмрона овозда: «Дориларни биринчи қаватдаги дорихонадан олинг!», деди.

Унинг гапириш оҳангидан биз ҳам ҳушёр тортдик. Пастга тушиб, дорихонада қўли-қўлига тегмай савдо қилаётган кишига тутқаздик. Ҳайрон қоладигани у қоғозни қўлига олди-ю, аммо дорилар рўйхатини охиригача кўрмади ҳам. Чаққонлик билан пештахтадаги дориларни олиб, халтага жойлай бошлади.

Шоша-пиша уни тўхтатиб қолдик.

- Ака, узр, ҳозир текширувларга тўлов қилдик, пулимиз камроқ эди. Аввал бир ҳисоблаб беринг, неча пул бўларкан? - дедим.

Унинг ҳафсаласи пир бўлди. Бефарқлик билан дориларнинг ўртача нархини чиқариб, икки миллион сўмдан ортиқроқ бўлишини айтди.

Биз бир-биримизга ҳайрон тикилдик. Нега бунча қиммат? 

Унга яна бир марта узримизни айтиб, дорихонадан чиқдик. Машинага ўтириб, олдимиздан чиққан биринчи дорихонага кириб, сотувчига дорилар рўйхатини бердик. У узоқ кўз югуртириб, булар ичида фақат иккитаси борлигини айтди. Рўйхатни олиб, кейинги дорихонага ўтдик, унда ҳам шу аҳвол. Шу кўчадаги турнақатор дорихоналарга бош суқавериб ҳолдан тойдик. Охири шунга бориб етдики, шаҳардаги барча дорихоналарга кириб чиқишга мажбур бўлдик. Ярим кун вақтимиз дорихоналарда ўтди. Аммо рўйхатдаги дориларнинг ярми ҳам топилмади. Уч-тўрттасидан жамлаб олишнинг ҳам имкони йўқ эди. Шифокор энг зарур дорилар мана шулар деган икки-учтаси ҳеч бир дорихонадан топилмади.

Орада қайсидир дорихонада ҳали соҳада тажрибали кўринмаган бир ёш йигит бу дориларни қайси шифохонада ёзган бўлса, ўша ердан топишимиз мумкинлигини айтган эди. Рўйхатни қўлимизга тутаётгандаги дўхтирнинг гапи қулоғим остида жаранглайверди: «Дориларни биринчи қаватдаги дорихонадан олинг!». 

Эрта билан ўша клиникага бордик. Кечаги рўйхатга қарамасдан дорилар тўпламини йиғиб берадиган сотувчи ўтирган эди. Ҳеч нарса демасдан унинг қўлига рўйхатни узатдим. У бизга ғолибона қарадию, рўйхатдаги дориларни тўплашга тутинди. Энг қизиғи, кеча кун бўйи шаҳардаги ҳайбатли, икки-уч қаватли дорихоналардан топилмаган дорилар шу учга-уч ўлчамдаги кичик бир хонадан топилди.

Танишим дорилар солинган қопчани қўлига олиб, бироз хотиржам бўлди. Аммо у бутунлай умидсиз эди.

Сулаймон МАРДИЕВ.