Дунё қитъалари нега шундай номланади?
Сайёрамизда дунёнинг олтита қитъаси мавжуд. Булар - Осиё, Америка, Африка, Антарктида, Европа, Австралия. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дунёнинг бу қитъаларига нима учун бундай ном берилган? Бу номлар қаердан келиб чиққан?
Осиё
Ушбу ном қадимги юнонларнинг Прометей ҳақидаги афсоналаридан келиб чиққан. Геродот Прометейнинг хотини Осиёни тез-тез тилга оларди. Бошқа манбаларга кўра, у унинг онаси бўлган. Чамаси, дунёнинг бу қисми унинг номи билан аталган.
Америка
Американи 1492 йилда Христофор Колумб расман очганини биламиз. Уни Колумбия деб аташ мантиққа тўғри келган бўларди. Гап шундаки, кекса Колумб ўлгунга қадар ўзи кашф этган ерлар янги қитъага тегишли эканлигини билмаган. У Ҳиндистонга янги йўл очдим деб ўйларди, аслида айнан шу мақсад билан саёҳатга чиққанди. Шу сабаб у томонидан кашф этилган ерларнинг аҳолиси ҳиндулар деб номланган.
Америка яна бир кашфиётчи Америго Веспуччининг номи билан аталган. У кашф этган ерлар янги қитъа эканлигини ўз тадқиқотлари орқали тасдиқлаб берди.
Веспуччи янги қитъага ўз номини абадийлаштиришга уринмади, у бу ерга “Янги дунё” номини берди. Ўша даврнинг таниқли картографи Мартин Вальдземюллер бу ғояни амалга оширган, айнан у янги ерларни Америка деб атаган.
Африка
Дунёнинг ушбу қитъаси номланишининг бир неча тахмини бор. Асосийси Карфаген даврига тўғри келади. Қадимги карфагенликлар яқин атрофда яшовчи қабилаларни “афри” деб атаган. Карфаген қулаганидан кейин бу ерлар Рим провинциясига айланди ва “Африка” деб номлана бошланди.
Антарктида
Яна қадимги Юнонистон. “Антарктида” сўзи юнонча “Антарктика” сўзидан “Арктика қаршиси” деб таржима қилинган. Бу қитъа 1820 йилда Беллинсгаузен бошчилигидаги рус экспедицияси томонидан очилган.
Европа
Бу ер ҳам қадимги юнон афсоналаридан холи эмас. Европа - қадимги юнон асотирида Финикия шоҳининг Зевс томонидан ўғирланган қизи. Бу исм финикий тилидаги, тахминан "ботиш", "ғарб" маъноларидан келиб чиққан. Асотирга кўра, Зевс дугоналари билан денгиз қирғоғида ўйнаб юрган Европанинг олдига буқа шаклида келади ва уни елкасига миндириб, Крит оролига олиб кетади.
Австралия
Бу ерда ҳаммаси оддий ва афсонасиз. "Аустралис" лотин тилидан “Жанубий” деб таржима қилинган. XVII асрда ушбу қитъани голландлар кашф этган ва унга “Янги Голландия” деб ном берган. Австралиянинг қирғоқларини ўрганган ва ўз кемасида биринчи бўлиб айланиб чиққан англиялик Метью Флиндерс бошқа номни таклиф қилди - “Австралия”. Қитъа оддий ва тушунарли ушбу ном билан кўкарди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.