Дунёнинг энг кучли ҳарбий триатлончилари Самарқандда жам бўлди

18–21 август кунлари Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида спортнинг триатлон тури бўйича ҳарбийлар ўртасида 25-жаҳон (25th CISM World Military Triathlon Championship) чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Мазкур чемпионат халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM), Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонда илк бор ташкил этилмоқда.

Мусобақа олдидан ташкилотчилар ва спортчилар иштирокида оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Мудофаа вазири ўринбосари, полковник Алишер Норбоев, халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISМ) Бош котиби Роберто Реччия ва мусобақа ҳакамлари иштирок этиб, мусобақанинг аҳамияти, спортчиларнинг тайёргарлик жараёни ҳамда чемпионат дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

Триатлон олимпия спорт турлари жумласига киритилган бўлиб, бу фақатгина спорт эмас, инсон имкониятларининг чегарасини синовдан ўтказувчи йўлдир, - дейди А.Норбоев. - Ҳар бир босқич спортчидан нафақат жисмоний куч, балки руҳий барқарорликни ҳам талаб қилади. Мазкур чемпионатнинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши нафақат спортчилар ўртасидаги ҳамкорлик, балки дунё ҳалқлари билан дўстлик ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга имкон яратади.
Чемпионатни юқори савияда ўтказиш учун мусобақа ўтказиладиган ҳудуд жаҳон стандартлари асосида тайёрланди ҳамда спортчиларга зарур шароитлар яратилди.

Мусобақада дунёнинг 13 давлати — Ўзбекистон, Бельгия, Канада, Испания, Франция, Германия, Словения, Швейцария, Қатар, Россия, Эрон, Португалия ва Қозоғистондан келган 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда. Беллашувлар икки тоифада — яккалик ва жамоавий гуруҳлар ўртасида ўтказилади. Спортчилар 750 метрга очиқ сув ҳавзасида сузиш, 19 километр велопойга ҳамда 5 километр югуриш босқичларида куч синашади.

Матбуот анжуманида халқаро ҳарбий спорт Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиб келаётган спортчилар ҳам журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Триатлон бўйича жаҳон чемпионатида чемпионлик ва совринли ўринларни қўлга киритганман, - дейди Мудофаа вазирлиги терма жамоаси аъзоси Алина Ҳакимова. - Хусусан, 2021 йилда Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 13 та терма жамоа орасида жамоавий баҳсда иккинчи, ёш тоифасида биринчи ўринни эгаллаганман. Самарқандда ўтказилаётган ушбу чемпионатга Қирғизистонда катта тайёргарлик олиб бордик. Албатта, ўзим туғилиб ўсган вилоятда ҳам юқори натижа кўрсатишни мақсад қилганман.

Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бугун соат 19:00 да ўтказилади.