«Дядя Слава»нинг болалар майдончаси

Бир пайтлар самарқандлик аҳоли орасида «Шанхай» деб аталган, асосан корейс миллатига мансуб кишилар яшайдиган бу ҳудуднинг халқ орасидаги ўша номи унутилиб кетган. Корейс миллатига мансуб аҳоли ҳам олдингидек кўп эмас. Аммо борлари ҳам маҳалладошлари билан бир оиладек истиқомат қилишади. 

Айни пайтда Самарқанд шаҳар Кўксарой маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг бир-бири билан ўзгача иттифоқлик, ҳамжиҳатликда яшаши четдан келган кишига яққол сезилади. Таҳририят биноси шу маҳаллада жойлашгани учун, буни нафақат биз, балки шу яқин атрофдаги корхона ходимлари ҳам тасдиқлашади. Лекин ушбу мақола маҳалла ҳақида эмас, шу ерда 1973 йилдан бери истиқомат қилувчи Слава амаки ҳақида. «Дядя Слава» деб чақиришади маҳалладошлари уни. 

Гап шундаки, маҳаллага қарашли, Самарқанд шаҳарининг машҳур Улуғ Турсунов кўчасидаги босмахона ва корейс миллий маданий маркази биноси ўртасида, қурилиш қилиш имкони йўқ, йўл чети бўлса-да аммо анчагина катта жойни эгаллаган ҳудуд бир пайтлар чиқинди-ю ёввойи ўт босиб ётар, ўтган-кетган одам шу ердан тезроқ ўтиб олай дея қадамини тезлаштирадиган жой эди. Ҳозир эса йўловчилар шу ерда бир пас ўтириб, ҳордиқ чиқарсам, деб ҳавас қиладиган манзилга айланди. Кўм-кўк арчалар, турли мевали ва манзарали дарахтлар яшнаб, болажонлар учун бир неча хил арғамчиқ мосламалар ўрнатилган. Тўғриси, бунинг барчаси кўз ўнгимизда содир бўлди, бир йилда эмас, албатта. 

Ҳар куни ишга келаётганимизда ёши улуғроқ бир кишининг гоҳ бу ерни тозалаб ўтирганига, гоҳ дарахт экканига гувоҳ бўлардик. Кейинроқ шағал тўкилиб, атрофи текисланган ҳудудга айланди. Баъзида ишга шошамиз, қайтишда эса уйга… Аммо ҳар куни ўтадиган кўчамизда тез-тез нимадир янгилик содир бўлаётганига кўпчилик эътибор бермади, баъзилар уни ким бажараётганини билиб, раҳмат айтди. Бир куни эса у ерда тўсатдан болалар учадиган аттракцион қад ростлади. Кечқурун, ишдан қайтишда маҳалланинг болалари бу ерда арғимчоқ учиб, чуғурлашганига гувоҳ бўла бошладик. «Қандай яхши…» дея бу жойнинг ижодкорига миннатдорлик ҳисси билан яна кўп кунларни ўтказдик. 

Мана, орадан йиллар ўтди. Эҳтимол, ҳозир маҳалладагиларнинг ўзлари ҳам бу ернинг қанчалик хароб, чиқиндига тўла жой бўлганига ишонмаса керак. Аммо ўз уйи атрофидаги бу жойни 80 ёшга яқинлашиб қолган нуронийнинг бир ўзи обод қилаётгани ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Яқинда амакининг ўзи бунёд этган майдончанинг атрофини цементли қоришма тайёрлаб, у ёқ бу ёғини андавалаб юрганига гувоҳ бўлдик. Слава амакини зўрға суҳбатга тортдик. «Нимани гапираман, қўйсангчи…» дейди камтарлик қилиб.

Ўзим Қозоғистонда, болалар уйида катта бўлганим учун болалар ҳаётнинг бор неъматларидан баҳраманд бўлишларини истайман, - дейди Слава Хегай. – 1973 йилда тақдир тақозосига кўра, Самарқандга келдим, шу ерда уйланиб, фарзанд-набирали бўлдим. Узоқ йиллар Самарқанддаги саноат корхонасида муҳандис бўлиб ишладим, аммо маош камроқ бўлгани учун Самарқанднинг қарийб барча туманларида деҳқончилик билан шуғулландим. Нурободнинг олис қишлоғида ҳам, Пайариқ, Иштихон, Жомбойнинг оқибатли ва меҳнаткаш одамлари билан, шаҳарга яқин-олис, хуллас, барча туманларда пиёз экдик, ўша ернинг аҳолиси билан оға-инидек бўлиб кетдик. Айтмоқчиманки, умрим меҳнатда ўтди, тинимсиз меҳнат билангина оиламни боқдим, шунинг учун нафақага чиққанимда ҳам уйда бекор ўтиролмадим. Қўлимдан келгани учун қўни-қўшнилар фойдаланмайдиган турли темир-терсакларни йиғиб, арғимчоқ ясадим. Ўзим муҳандисман, бу соҳанинг нозикликларини тушунаман. Болалар маза қилиб дам олиши учун бу ер соя-салқин бўлиши керак, дарахтлар экиш зарур. Арча, тол, терак ва бошқа дарахтларнинг кўчатларини экдим. Уни парваришлаш учун томчилатиб суғориш тизимидан фойдаландим. Ҳам сув тежалади, ҳам дарахтлар ўз вақтида суғорилади. Дарахтлар кўкариб, яшиллангач, ўтирғич, яна бир-икки арғимчоқ ясаб, ўрнатдим. Уйимнинг ёнида бўлгани учун ҳалиям майдончанинг ҳар қаричидан хабардор бўлиб тураман, бирон нимага шикаст етса, дарҳол тузатаман.

Ҳеч кимдан ёрдам сўрамай, ўз маблағига, ўз меҳнати билан ажойиб маскан яратган бу инсон учун яшашнинг шарти меҳнат. У хоҳ даромад келтирсин, хоҳ одамлар корига ярайдиган, савобли иш бўлсин, амакига бунинг аҳамияти йўқ. У меҳнат билан ўзини бу ҳаётда керак инсон деб билади. Дарвоқе, унинг меҳнати қадрини ҳаммадан ҳам шу ерда улғаяётган болажонлар ҳис қилишади. Тўғри, маҳалла фаоллари ҳам унинг бу фидокорлигини қадрлаб, фахрий ёрлиқ билан тақдирлашгани рост. Аммо Слава амакига одамларнинг у яратган жойда ҳордиқ олиб, миннатдор бўлишидан ортиқроқ эътироф йўқдай.   

Бугун ушбу маҳалланинг болалари боққа борайлик, деб катта истироҳат боғини эмас, айнан Слава амаки яратган боғни назарда тутишади. Тўғри, ҳозир карантин пайти олдингидай гавжум бўлмаса-да аммо бу ер маҳалла болаларининг севимли жойига айланиб улгурган. 

Слава амакидан ёшини сўраганимда «77 га кирдим, чеварам ҳам бор», дейди. Фарзандларингиз ҳалиям тиниб-тинчимай юришингиздан, кўчадаги бир майдончани обод қиламан, деб цемент қоришмаси солинган оғир идишларни кўтариб юришингиздан жаҳли чиқмайдими, дейман. «Улар ишсиз ўтиролмаслигимни яхши билишади. Гапирса, фойдаси йўқлигини ҳам…» дея кулиб қўяди амаки. 

Гулруҳ МЎМИНОВА.