Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими ташкил этилди

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • экспортбоп рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хизматлар (туристик, тиббий, таълим, транспорт) экспортини ошириш;
  • ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб беришда ҳамкорларни излаш ҳамда ташкилотлар ва корхоналар билан шартномалар тузиш.

Фаолияти Ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштириладиган Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими ташкил этилди.

Экспорт фаолиятига ахборот-таҳлилий кўмаклашиш, экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш миллий тизимнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Шунингдек, Ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги, хориждаги элчихоналар қошида савдо ваколатхоналари ташкил этилди.

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясига экспорт кредитлари ва операцияларини суғурталаш вазифасини юкланди ва у Ташқи савдо вазирлигига ўтказилди.

Ташқи савдо вазири “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банки Кузатув кенгашининг раиси этиб сайланади.

2019 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджетидан 15 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағ Экспортни рағбатлантириш агентлигига ажратилади.