“Эл-юрт умиди” жамғармаси – ундан қандай фойдаланиш мумкин?
Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди. Хорижий таълим муассасаларида мамлакатимиз учун мутахассислар тайёрлаш, хорижда яшаётган илмий салоҳиятга эга ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш унинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Жамғарма мамлакатимизнинг жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Танловларнинг саралаш босқичлари “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган танлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Бу Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган Низомда белгилаб қўйилган. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси, “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер, Инҳа, Турин политехника университетлари, Сингапур Менежментни ривожлантириш институти олимлари, “Ўзингни англа” амалий-психологик хизмат маркази психологлари киритилган.
Танловнинг биринчи босқичи ташкилий жараёндан иборат. Бунда ҳужжатлар номзодларга қўйилган талаблар асосида қабул қилинади. Иккинчи босқичда номзодлар тил билиш даражалари бўйича тест синовларидан ўтказилади. Учинчи босқичда интеллектуал салоҳиятни аниқлайдиган IQ тестларини топширишади ва мутахассислик бўйича суҳбат ўтказилади.
Тўртинчи босқичда эса халқаро сертификатга эга бўлиш учун номзодлар тил билиш даражасидан имтиҳон топширади.
Жамғарма стипендиялар танлови вақтида биринчи босқичдагина иштирок этади. Шаффофликни таъминлаш мақсадида веб-камералар имтиҳон жараёнларини тасвирга олиши йўлга қўйилган. Номзод қўйилган баҳодан норозилик билдирса, ушбу тасвирлардаги ёзувлар таҳлили асосида қайта синовдан ўтиши мумкин.
Жамғарма ташаббуси билан UzBridge ахборот-таҳлилий электрон журнали ташкил этилди. Бу чет элларда ўзининг профессионал меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар, илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшларнинг фикр ва қарашларини ўрганиш, уларни мамлакатимиз турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижаси билан таништириб бориш имконини беради. Мазкур электрон-журнал Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2019 йилги диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилди.
Жамғарма Низомида махсус банд киритилган. Унга кўра, магистратура ёки докторантура дастури бўйича хорижда таълим олган кадрлар эгаллаган мутахассислиги бўйича олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларида 5 йил, малака ошириш ва стажировка дастури бўйича таҳсил олганлар эса 3 йилдан кам бўлмаган муддатда узлуксиз ишлаб бериши керак бўлади. Стипендиатнинг ўқиши учун сарфланган харажатлар 75 минг доллардан ошган тақдирда, бу муддат 7 йилгача узайтирилиши мумкин.
Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассаса талабалари сафидан чиқарилганда ёки таълим олиш муддати ниҳоясига етгандан сўнг белгиланган ташкилотларда меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.