Энди пенсияга чиқувчилардан 2005 йилдан олдинги стаж учун ҳужжат талаб қилинмайди

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра:

- 2021 йил 1 июндан кейинги давр учун жисмоний шахс томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланиши;

2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланиши белгиланмоқда.

Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига у вафот этган ой учун тўлиқ тўланадиган бўлади.

Амалда эса пенсионер вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланарди.

Шунингдек, текшириш ўтказилаётган санага қадар уч йил ва ундан аввал тайинланган ёки қўшимча тақдим этилган ҳужжатларга асосан қайта ҳисобланган пенсиялар текширилиши ҳамда улар бўйича пенсия миқдоридаги ортиқча пуллар тўланганлиги аниқланган ҳолатларда ортиқча тўланган суммаларни ундирилишига йўқ қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Оддий айтганда, агар кимгадир адашиб кўпроқ пенсия тўлаб келинган бўлса, буни қайтариш талаб қилинмайди.

Афсуски, амалда бу каби ҳолларда  пенсионерларни норози қилиб, пулни қайтартириш ҳолатлари бўлган эди. Ушбу қонун қабул қилинса энди бундай бўлмайди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.