Ер — талаш, "аросат"да қолган дарахтлар эса қурияпти

Кейинги кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетди. Буни қарангки, бирор боғлиқлик жойи бўлмаса-да, Қўшработдаги бир парча ер мажоросининг даражаси ҳам ҳаво ҳароратидан сира қолишмаяпти.

Гап шундаки, туман тиббиёт бирлашмасининг Заркент маҳалласидаги 43-сон оилавий поликлиникасига тегишли ер участкасининг 0,35 гектарлик қисмига бир йўла уч тадбиркор даъвогарлик қилмоқда. 

Баҳсли майдонда дастлаб, дорихона қуриш учун вилоятда уюштирилган аукцион савдода 2018 йил 3 август куни ғолибликни қўлга киритган Х.Ибрагимов пайдо бўлди. Унинг ортидан, ярим ой ўтар-ўтмас, ўша ерда болалар боғчаси қуриш мақсадида тадбиркор Турғунбой Исматов туман ҳокимининг 2018 йил 17 августдаги болалар боғчаси қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорини кўтариб келди. Орадан кўп ўтмай яна бир тадбиркор – Жамила Шосимова ўша ерда давлат-хусусий шериклик асосида корхона қуриш учун рухсат олиш мақсадида идорама-идора юрганлиги маълум бўлди. Хуллас, уч тадбиркор ўртасидаги баҳс, можаро қизигандан-қизиди. Ким ҳақ, ким ноҳақ ажратиш маҳол.

Жорий йилнинг июнь ойи бошида Т.Исматовнинг қўли сал баланд келди шекилли, ер участкаси атрофини тунука девор билан ўраб, эски иморатни бузишга киришди. Бошқалар ҳам жим туришмади: ҳокимият, прокуратура ва турли идораларга арз қилишиб, бошланган саъй-ҳаракатлар тўхтатилди.

Тадбиркорлар ўртасидаги низоли баҳс қачон ўз ечимини топиши бизга номаълум. Биз масаланинг тезроқ ва адолатли ҳал бўлиши тарафдоримиз, холос. Лекин бу ерда бизни бошқа муаммо ўйлантирмоқда. Оилавий шифохонага тегишли бўлган собиқ майдонда жамоанинг кўп йиллик меҳнати билан парваришланган, вояга етказилган кўплаб дарахт ва буталар бор, уларнинг тақдири нима бўлади?

- Ўша ерда 40 туп йирик, 70 туп майда дарахт, 70 туп арча бор, - дейди шифохона хўжалик мудири Шуҳрат Қувондиқов. - Атрофи ўралгач, дарахтлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ҳеч ким қарамайди, суғормайди, айниқса ҳозирги жазирама кунларда дарахт ва ниҳоллар жуда чанқаб қолди. Ҳатто айримлари қурий бошлади. Бугун тезда суғорилмаса, уларнинг ҳаммаси нобуд бўлиши мумкин.

Бу, албатта, ташвишли ҳолат. Талабгорлар ер илинжида юришибди-ю, лекин ўша ердаги яшил бойликни сақлаб қолиш тўғрисида заррача бош қотиришмаяпти. Баъзида битта дарахт ёки ниҳол учун бонг урамиз, айбдорларни жазолашга даъват этамиз. Бу ерда эса юзлаб дарахт ва ниҳоллар сансалорлик қурбони бўлмоқда. Бунга экология ва табиатни муҳофаза қилиш органлари қандай изоҳ беришар экан?  

Бобо Сароий, журналист.