Эркак киши 59 ёшдан пенсияга чиқса бўладими?
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 7-моддасига асосан умумий асосларда эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда ҳамда аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда пенсияга эга бўладилар.
Агарда фуқаро зарарли ва оғир ишларда ишлаган бўлса ва умумий иш стажи 25 йил бўлиб шундан махсус иш стажи (меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган даври) 6 йил 3 ой бўлган тақдирда, мазкур қонуннинг 12-моддаси “б” бандига асосан имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, ушбу қонуннинг 14-моддасига асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар, эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда ҳамда аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қонуннинг 12-моддаси “б” бандига асосан имтиёзли шартларда пенсия тайинлашдан ташқари бўлган қолган барча ҳолларда эркак кишига 59 ёшдан пенсия тайинлаш амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган.