"C5+1" саммити: янги имкониятлар эшиги

 

Давлатимиз раҳбари АҚШ Президенти Доналд Трампнинг таклифига биноан Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматидаги саммитда иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига борди.

Албатта, ташриф дастурида бир қатор муҳим масалалар ўрин олган. Аммо ўз навбатида ўқувчида ҳақли савол туғилиши табиий - бу ўзи қандай саммит ва ундан Ўзбекистон, қолаверса, Марзий Осиё учун қандай наф ёки манфаат бор?

Аввало, қайд этиш лозим, Ўзбекистон бугун ташқи сиёсатда мувозанатли йўлни танлаган. Бир томондан, қўшни давлатлар билан ҳамжиҳатлик, иккинчи томондан, глобал ҳамкорлар — АҚШ, Европа Иттифоқи ва Осиё давлатлари билан очиқ мулоқот.

“C5+1” формати айнан шу сиёсий йўлнинг амалий ифодаси бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги нуфузини янада мустаҳкамлаши билан аҳамиятли.

Марказий Осиё мустақил минтақа сифатида

Аслида, минтақа Россия, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи манфаатлари кесишган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири Марказий Осиёда ўз манфаатларига эга. Тарихий жиҳатдан минтақа 100 йилдан кўпроқ вақт давомида Россия таъсири остида бўлиб келди. Совет иттифоқи парчалангандан сўнг минтақада Россиянинг таъсири бироз чекланганидан сўнг қўшни Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти орқали ўз иқтисодий ва сиёсий устунлигини намойиш эта бошлади. Ўз навбатида, Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам минтақага катта қизиқиш билдириб келмоқда.

Умуман, Марказий Осиёдаги беш мамлакат иштирокидаги “C5+1” формати АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Туркия, шунингдек, Европа Иттифоқи билан йўлга қўйилган.

Бу формат илк бор Япония томонидан 1997 йилда таклиф қилинган. Ўшанда Япония Марказий Осиёда минтақавий мулоқот учун платформа яратишни илгари сурган.

Аввал бошданоқ фақат битта мамлакатга қаратилмаган бу формат Марказий Осиё мамлакатларига комплекс ёндашувга асослангани билан эътиборли бўлди. У дунёнинг янги минтақаси — Марказий Осиё учун буюк давлатлар билан мулоқотда сиёсий мавқеи ва иқтисодий салоҳиятини ошириш учун мос деб ҳисобланган.

Ўзаро муносабатларда янги уфқ

АҚШ мустақилликнинг дастлабки даврлариданоқ Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларини халқаро тизимда муҳим геосиёсий аҳамиятга эга бўлган минтақада жойлашган давлатлар сифатида эътироф этди. 1991 йилда “Эркинликни қўллаб-қувватлаш” қонунини, 1999 йилга келиб эса “Янги Ипак йўли” стратегиясини қабул қилган.

2015 йил 27 сентябрда БМТнинг Бош Ассамблеяси доирасида ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Жон Керри 5 та Марказий Осиё давлати ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, “C5+1” форматини тузади. Мазкур форматнинг мақсади АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари орасида минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш, деб белгиланган.

Ўша йил 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда «C5+1» тузилгани расман тасдиқланди. Мазкур учрашув якунида Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисида Қўшма декларация қабул қилинган.

Бу ҳужжат савдо, транспорт, коммуникация, энергетика соҳаларини ривожлантириш, минтақа мамлакатларида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш, хавфсизликнинг трансчегаравий таҳдидлари (гиёҳванд моддалар, қурол, одам савдоси)га, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, ядро қуроллари тарқалишига қарши курашиш, маданий-маърифий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик институтларни мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларда ҳамкорлик қилишни кўзда тутади.

Шундан сўнг Марказий Осиё ва АҚШ вазирлари учрашуви мунтазамлик касб этди. Айни шу даврга келиб, Марказий Осиё мамлакатлари мустақил давлатчиликнинг илк босқичидан ўтиб, глобал миқёсда ўзларини тарихи, маданияти, қадриятлари бир бўлган ягона минтақа вакиллари сифатида намоён қила бошлади. Вашингтон таклиф қилган «C5+1» кўринишидаги маслаҳат механизмининг мувафаққияти эса кўп жиҳатдан минтақа мамлакатларининг ҳамкорлик томон тобора кучайиб бораётган интилиши маҳсули, дейиш мумкин.

Биринчи ёки сўнггиси эмас

Қайд қилинган формат доирасида дастлаб ташқи ишлар вазирлари ўзи учрашган бўлса, вақт ўтиши билан унинг даражаси юксалиб боряпти.

Хусусан, 2023 йил 19 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Нью-Йорк шаҳрига ташриф дастурига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммитида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон ва Туркманистон президентлари қатнашганди.

Ўшанда учрашув кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, “яшил” тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.

“C5+1”нинг фойдаси нима?

Қайд қилинаётган саммит янги сармоялар ва иш ўринлари яртишда муҳим аҳамиятга эга. Негаки,Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштираётган бир пайтда АҚШ билан ҳамкорлик инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширади. Энергетика, саноат, ITва қишлоқ хўжалиги соҳаларида америкалик компаниялар қизиқиш билдирмоқда. Бу эса янги иш ўринлари ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Транспорт ва транзитда янги йўллар

Ўзбекистоннинг географик жойлашуви — бу катта устунлик. "C5+1" орқали муҳокама қилинган “Ўрта коридор” (Trans-Caspian Route) ташаббуси Ўзбекистонга Европага чиқишнинг янги логистик йўлини очади. Бу нафақат иқтисодий фойда, балки мамлакатнинг стратегик аҳамиятини ҳам оширади.

Энергетика ва экологияда ҳамкорлик

Тоза энергия, қуёш ва шамол электр станциялари, энергия тежовчи технологиялар — бугунги кунда Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан бири. АҚШ билан ҳамкорлик бу соҳадаги инновацион лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.

Хавфсизлик ва барқарорлик

Минтақадаги тинчлик — Ўзбекистон учун энг муҳим масала. “C5+1” формати Афғонистондаги вазият, чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.

Умуман, “C5+1” саммити — бу шунчаки дипломатик тадбир эмас. У Янги Ўзбекистоннинг ўзи ўрнини белгилаб берувчи муҳим воқеа.

Хабарларга кўра...

Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ, Президентимиз АҚШ Президенти Доналд Трамп, Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари, АҚШ вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг АҚШ билан минтақалараро ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбирлар якунида икки ва кўп томонлама қатор ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Ё.Марқаев тайёрлади.