ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуленинг хизматлари эътироф этилди
Самарқандда давом этаётган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг бугун ўтказилган ўнинчи мажлисида ваколат муддати тугаётган ташкилот Бош директори Одри Азуле хоним ўзининг хайрлашув нутқини тақдим этди.
2017 йилдан буён ЮНЕСКО Бош директори сифатида фаолият кўрсатган Одри Азуле хоним ўтган саккиз йил давомида ташкилот мақсадларидан келиб чиқиб, дунёда таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, дунё халқларининг тарихи, маданияти, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани ва бунинг учун ЮНЕСКО штаб квартираси ва ташкилотга аъзо давлатлар вакилларига миннатдорлик билдирди.
– Биз дунёдаги бугунги мураккаб шароитда ЮНЕСКОнинг асосий мақсад ва қадриятларига содиқ ҳолда сайёрамизнинг барча қитъаларидаги халқларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларнинг муносиб шароитда таълим олиш, гендер тенгликни таъминлаш, сунъий интеллекдан фойдаланиш, маданият ва санъатдан баҳраманд бўлишлари учун астойдил меҳнат қилдик, янги лойиҳалар, дастурларни амалга оширдик, – деди ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним. – Жумладан, 89 давлатга аёлларнинг таълимдаги иштирокини қўллаб-қувватлашига кўмаклашдик, 44 давлатда гендер масаласи қамраб олинган таълим дастурлари ҳаётга татбиқ этилди, жинсий тенгликка эришилди. Олий таълимда хотин-қизлар қамрови кейинги 30 йилда уч баробар кўпайди. Энг муҳими, бугун дунёнинг аксарият ривожланган давлатлари таълим, маданият ва маданий индустрия иқтисодий ривожланишнинг асоси эканлигини тан олди ва шунга мос тарзда сиёсат юритмоқда. ЮНЕСКО доим кучли, ўз позициясига эга бўлган ва бундан кейин ҳам шундай нуфузли халқаро ташкилот бўлиб қолишига ишонаман.
Одри Азуле хоним ўз сўзида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдиргани ва мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. Қарийб бир ҳафтадан буён қадимий Самарқандда Бош конференция сессияси доирасида ўтказилаётган маданий тадбирлар, кўргазма ва концерт дастурлари дунёнинг 5 қитъасидаги 180 дан ортиқ давлатдан келган вакиллар, нуфузли меҳмонлар учун унутилмас таассурот қолдираётганини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар вакиллари Одри Азуленинг икки муддат ташкилотга раҳбарлик қилиб, дунё халқлари манфаатлари йўлида амалга оширган саъй-ҳаракатлари, жўшқин фаолиятини эътироф этиб, унга миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ЮНЕСКО Бош директорига видеомурожаат йўллаб, унинг самарали фаолиятини алоҳида таъкидлади ва Франция халқи номидан раҳмат айтди.