Эркинжон Турдимов: Йўлларда пиёда ва ҳайдовчилар ҳаракатланиши учун тезкор чоралар кўриш зарур

Вилоят ҳокими Э.Турдимов йўлсозлар, коммунал соҳа корхоналари мутасаддиларининг Самарқанд шаҳар ва Самарқанд тумани йўлларида олиб бораётган ишларини танқид қилди. Йўллардаги қазиш ишларини олиб боришда халқ фикри ўрганилмаганлиги, ташкилотлараро ўзаро ҳамкорлик йўқлигини билдирди. Бу борада вилоят ҳокимининг шу соҳага масъул ўринбосари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам мувофиқлаштириш ишларини олиб боришда қўпол хатоликларга йўл қўяётганликларини таъкидлади.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Э.Турдимов қисқа фурсатларда камчиликларни бартараф этиш, барча кўчаларда ҳаракатланиш учун фуқароларга ҳам, ҳайдовчиларга ҳам қулайлик яратиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.
Ушбу масала бўйича ҳар куни барча масъуллар кунлик ҳисобот тақдим этиши, ҳисоботлар мониторинги олиб борилишига ҳамда барча йўналишда ишларни уч сменада ташкил этишга кўрсатма берилди. Қурилиш, таъмирлаш ишлари сифатли амалга оширилиши зарурлиги ҳамда бажарилган юмушлар назорат қилувчи инспекциялар ва махсус лаборатория таҳлиллари асосида қабул қилиниши юзасидан кўрсатма берилди.
Танқидий руҳда ўтган муҳокамада ушбу ишларга масъул барча вилоят корхона ва ташкилотлар раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди.
Масъуллар вилоят ҳокими ва аҳоли томонидан билдирилган эътирозлар юзасидан ўз тақдимотларини ўтказиб, муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича ўз режаларини билдирди.
Кўрамиз, бу режалар қанчалик самара берар экан?