Ерларни суғоришда янгича тизим жорий этилади

Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони билан Осиё тараққиёт банки, Швейцария ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган концепция асосида «Йўл харита»си ҳам тасдиқланган эди.

Ушбу "харита"да соҳада олиб борилиши зарур бўлган барча юмушлар ўз аксини топган. Рост, баъзи жойларда экинларни суғоришда фойдаланиладиган сув сарфининг кўплиги, баъзи ерларда сув таъминоти даражаси пастлиги, ерларнинг шўрланиш даражаси ортиб бораётгани, ирригация тизимларининг эскиргани, насос станцияларининг аксарияти хизмат муддатини ўтаб бўлган. Яна, магистраль ва хўжаликлараро каналлар, суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти пастлиги, сув хўжалиги учун давлат буджетидан ажратиладиган маблағларнинг асосий қисми электр энергияси учун сарфланиши, кам фоизигина таъмирлаш-тиклаш ишларига йўналтирилиши соҳа ривожига тўғаноқ бўлаётган эди. Сувчиларнинг ўртача иш ҳақи 1,5 миллион сўм атрофида эканлиги ходимлар қўнимсизлигини келтириб чиқарарди.

Концепция асосида ана шу магистраль ва хўжаликлараро каналларда таъмирлаш ва тиклаш, реконструкция ишлари тизимли тарзда олиб борилиши йўлга қўйилди. Бетон қопламали каналларнинг улуши 46 фоиз (13,1 минг километр)га етказилади. Шу билан бирга, 12,9 минг километр лоток тармоқлари янгисига алмаштирилмоқда. Натижада суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,73 га етказилди.

2022 йилдан пахта ва ғалла етиштиришда насослар истеъмол қилган электр энергия ҳақини Давлат буджетидан қоплаш фақат сув тежовчи технологияларни жорий этганларга татбиқ этилмоқда. 2023-2025 йилларда сув тежовчи технологияларни насослар ва қудуқларга боғланган экин майдонларида жорий қилиш орқали улардан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги оширилади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон сув танқислигига мойил бўлган 25 давлатдан бири. 2030 йилга бориб сувнинг умумий тақчиллиги 2,3 баробар ошиши кутилмоқда. Кейинги 10-15 йилда аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли икки баробар қисқаради. Лекин сувга бўлган талаб саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмолига талаби ўсиши муносабати билан 20 фоизгача ошади.
Келтирилган далиллардан кўриниб турибдики, давлатимиз раҳбарининг фармони ўз вақтида қабул қилинган.

Концепция асосида 2020-2021 йилларда сув ҳисобини юритиш стандартлаштирилди. Келгусида ҳамда давлат сув кадастрини юритиш тизими автоматлаштирилади. 2022 йилда сув ресурслари ҳисобини юритиш ва бошқаришнинг яхлит тизими яратилди. Бу эса, 2023-2030 йилларда 100 та йирик сув иншооти бошқаруви автоматлаштирилишига, бугунги кунда барча сув ўлчаш (18576 ) постларида реал вақтда сувни назорат қилиш учун «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилаётганига асос бўлди. Соҳага тўлиқ рақамли технологияларни жорий этиш орқали республикамизда сувдан фойдаланиш самарадорлиги 25-35 фоиз ошишига олиб келади.

Соҳага давлат-хусусий шерикчилик ва аутсорсинг тизими жорий этилиши ютуқларимиздан бири бўлди.
Кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни амалиётга татбиқ этишга эътибор кучайтирилмоқда. Трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда бир қатор чора-тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.
Иқлим ўзгариши, тоғлардаги кўп йиллик музларнинг эриши ҳисобига сув захиралари камайиб бормоқда. Ана шундай шароитда концепцияда белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, энг аввало, сувдан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни кенгайтириш ҳисобидангина сувга бўлган танқисликнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Алишер Бойсариев,
Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи.