Европа Иттифоқи мамлакатлари сайёҳлар учун кириш қоидаларини ўзгартиради
Бу ёзда Европага саёҳатчилар маълум бир мамлакатга кириш қоидаларини доимий равишда кузатиб бориши керак. Якшанба кунидан бошлаб Германия тўлиқ эмланмаган сайёҳлардан коронавирус учун салбий тест ёки яқинда касалланиб чиққани ҳақида маълумотнома талаб қила бошлайди. Бу ўн икки ёшдан ошганларга, жумладан, мамлакатга автомобилда келганларга тегишли.
Берлинда август ойининг илк кунида юзлаб намойишчилар санитария чекловлари ва эмлашга қарши рухсатсиз норозилик намойишида қатнашди. Айримларда "Озодлик!", "Корона-диктатурага – йўқ!" ёзувли плакатлар бор эди. Намойиш полиция билан тўқнашувсиз ўтмади. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бир неча кишини ҳибсга олди.
Дания чеклов чораларини юмшатди. "Саломатлик паспорти" деб аталувчи ҳужжат энди 500 ўриндан кам бўлган театр ва кинотеатрларга тақдим этиш шарт эмас. Бу музей, бозор ва ҳайвонот боғларига ҳам тегишли. 2000 кишилик очиқ ҳавода ўтказиладиган тадбирлар учун ҳам тегишли сертификат талаб этилмайди.
Португалияда 1 августдан бошлаб кескин вазиятли ҳудудларда жорий этилган комендантлик соати бекор қилинди. Дўкон, ресторан ва барларга эрталаб соат иккигача ишлашга рухсат берилган. Бироқ, дам олиш кунлари меҳмонхонада қолиш ва ресторанларга кириш учун эмланганлик ёки коронавирусга салбий тест гувоҳномасини кўрсатиш шарт.
Франциянинг Марсель шаҳрида ўттиз мингга яқин мухлис "Оранж Велодром» футбол стадионига қайтди. Бу ерда "Олимпик Марсель" ва "Вильярреал" ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлди. Шу йил баҳорда стадион коронавирусга текшириш ва эмлаш маркази сифатида ишлаган эди.
Г.Холдорова тайёрлади.