Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан таълим ва фан соҳаларида ҳамкорликни жадаллаштиришдан манфаатдор
Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» Вазирлар учрашуви кун тартибидаги масалалардан бири «Таълим, фан ва инновация» деб номланди.
Мазкур мавзу юзасидан сўз олган Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бугунги кунда халқларимиз ўртасида инсон ва, айниқса, ёшларнинг баркамол ривожланишига кўмаклашиш мақсадида гуманитар ва таълим алоқаларини чуқурлаштириш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Учрашув иштирокчилари янги Ўзбекистонда ёшлар ва болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жисмоний ва маънавий тарбиялаш, сифатли таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижалари билан танишдилар.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ижобий суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг университети 43 та ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларининг 58 та университети иштирокида 18 та лойиҳа амалга ошириляпти.
Ўзбекистон томонининг «Erasmus+» ва «Уфқ Европа» дастурлари доирасида Европа Иттифоқи билан алоқаларни жадаллаштиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Бу борада, жумладан, илғор Европа таълим методологиясини жорий этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, инновацион трансфер салоҳиятини ошириш, рақамлаштиришни рағбатлантириш, булутли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, олий таълим тизимини уйғунлаштириш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларининг Болония жараёнига минтақавий иштирокчи сифатида кириши масаласини кўриб чиқиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Ҳамкорликнинг илғор тажрибаларини таҳлил қилиш ва тарқатиш мақсадида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари университетлари ўртасида нетворкинг-воситасини яратиш таклиф этилди. Мунтазам тарзда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида олий таълим вазирлари учрашуви ва ректорлар форумини ташкил этиш ташаббуси эълон қилинди.