Хитойнинг йирик банки Россиядан Европа Иттифоқи ва АҚШга пул ўтказмаларини чеклади

Bank of China 13 июндан бошлаб Европа Иттифоқидаги, шунингдек, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ, жумладан ушбу мамлакатлардаги банкларнинг хорижий филиалларида олувчилар фойдасига Хитой юанидаги тўловларни қабул қилмаяпти.

Бу ҳақда 18 июнь куни молия ва иқтисод бўйича Frank Media нашри хабар берди. Унинг келтиришича, Bank of China`нинг Россиядаги шўба корхонасидан билдиришномалар, хусусан, ЮниКредит Банк ва Акибанк томонидан олинган. Хитой банкининг вакиллик ҳисобварақлари орқали нафақат юанда, балки АҚШ доллари, евро ва Гонконг долларидаги пул ўтказмалари ҳам тўхтатилган, деб аниқлик киритмоқда РБC агентлиги.

Қарор Хитой томонидан қабул қилинмаган

Қарор Хитой томонидан эмас, балки Европа Иттифоқи ва АҚШ томонлари томонидан қабул қилинган. Шу тариқа улар юан кўринишидаги муқобил каналларни тўсиб қўйиш орқали санкция босимини ўтказишга ҳаракат қилмоқда, дейди молия мутахассислари.

Аввалроқ Кремль Россия Федерацияси бюджети тақчиллиги ошиши фонида Хитой юанидаги захираларнинг бир қисмини сотиш билан банд экани маълум бўлган эди.

Россия иқтисодиёти Украинадаги уруш фонида Хитой иқтисодиётига яқинлашди. Москванинг энергия режалари, хусусан, Хитойга экспорт ҳажмини оширишни назарда тутади.

2022 йилда Хитой ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 34,3 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 1,28 триллион юанга (172,5 миллиард евро) етди. Мамлакатлар етакчилари умумий мақсади - 2024 йилгача бу миқдорни 200 миллиард долларга (182,5 миллиард евро) етказиш.