Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси бугуннинг, келажакнинг лойиҳаси

Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқандда қайта бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси нафақат меъморий жиҳатдан, балки миллий ғояларимиз, қарашларимизнинг мазмуни сифатида мамлакатимиз тараққиётининг муҳим жиҳатига айланди.

Ислом цивилизацияси марказида ўн минглаб тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар ва илмий мерос намуналари жамланди, улар замонавий технологиялар асосида рақамлаштирилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда. Масканда интерфаол экспозициялар, рақамли архивлар ва инновацион ёндашувлар орқали тарихни замонавий талқин қилиш имконияти яратилгани ёшларнинг илмий тафаккурини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Имом Бухорий мажмуаси эса диний-маърифий мероснинг ёрқин тимсолидир. Буюк муҳаддиснинг бой илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлиб, унинг асарлари ислом илмларининг энг ишончли манбаларидан бири сифатида эътироф этилади. Мажмуанинг қайта бунёд этилиши нафақат тарихий адолатни тиклаш, балки миллий ва диний қадриятларга бўлган ҳурматнинг ифодаси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Марказнинг асосий мақсади — тарихий хотирани тиклаш, миллий ўзликни англаш ва уни келажак авлодга етказиш.

Марказ ва мажмуа ёш авлод қалбида миллий ғурур, тарихий хотира ва диний-маърифий қадриятларга ҳурмат туйғуларини уйғотади, уларни илм, изланиш ва яратувчанликка йўналтиради.

Глобаллашув шароитида, турли мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир даврда бундай маънавий масканларнинг аҳамияти янада ортади. Чунки ўз тарихини чуқур билган, миллий қадриятларни англаган ёшлар ижтимоий жиҳатдан фаолроқ, турли ёт ғояларга нисбатан барқарор иммунитетга эга бўлади. Шу маънода Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси нафақат бугуннинг, балки келажакнинг лойиҳаси.

Сардор ҚУВВАТОВ,

Самарқанд давлат педагогика институти ўқитувчиси.